Олдимиздаги халқаро танаффус дунёнинг энг кўзга кўринган, ёш ва талантли ўсмирлари учун эсда қоларли бўлиши кутилмоқда. Негаки, улар ўз терма жамоаларида илк бор майдонга тушиш имкониятига эга бўлишади. Қуйида уларнинг энг яхшиларига тўхталиб ўтмоқчимиз.
Коул Палмер ("Челси") – Англия – 21 ёш
Палмер Саутгейт томонидан чақирув олди. Негаки, инглизларнинг кўплаб асосий таркиб вакиллари жароҳатлар сабабли сафдан чиқишган эди. Бу эса, ўз навбатида Палмерга имконият тақдим этди. 21 ёшли ҳужумчи "Манчестер Сити"га қарши ўйинда сўнгги дақиқалардаги голи билан "Челси"га бир очко олиб берганди. Бу мавсумда Палмер 4 та гол ва шунча ассистга муаллифлик қилганини алоҳида таъкидлаш жоиз. Уни тез орада Малта ва Македония терма жамоаларига қарши баҳсларда кўриб қолсак, ажаб эмас.
Рико Льюис ("Манчестер Сити") – Англия – 18 ёш
Палмер каби Люис ҳам жароҳатланганлар ўрнини босиш учун чақирув олди. "Шаҳарликлар" футболчиси қанот ҳимояси ва ярим ҳимояда ўйнай олади. Льюиснинг мослашувчан ва кўпфункцияли экани келажакда унга катта ёрдам беради. Ҳозирча, эса келаётган саралаш баҳсларида Саутгейтдан унга ўйин вақти беришини кутиб қоламиз.
Эндрик ("Палмейрас") – Бразилия – 17 ёш
Ёш бўлишига қарамай, Эндрик Бразилия чемпионатида бу мавсум аллақачон 12 та гол ва 1 та ассист қайд этиб улгурди. У кейинги ёзда "Реал"га кетади. 17 ёшли ҳужумчи Бразилия таркибида дебют қилиши кутилмоқда. Жамоани эса олдинда Аргентина ва Колумбияга қарши расмий ўйинлар кутиб турибди.
Варрен Заир-Эмри ("ПСЖ") – Франция – 17 ёш
Заир-Эмри бугунги кунда Францияда энг кўп муҳокамага сабаб бўлаётган номлардан бирига айланган. У шу ёшида "ПСЖ"да доимий асосий таркибга киритилмоқда. Ҳозирга қадар ўсмир футболчи 15 та баҳсда 2 та гол ва 5 та ассистга муаллифлик қилди. Айни дамда эса Варрен Дидье Дешамнинг Жаҳон чемпионлари сафига чақириқ олди. У Греция ёки Гибралтарга қарши ўйинда дебют қилади.
Жош Дойг ("Верона") – Шотландия – 21 ёш
Дойг 12 та турнинг саккизтасида майдонга туширилганди. Унинг "Верона" сафидаги ҳаракатлари Стив Кларкнинг эътиборини тортди. Шу сабаб Дойг Шотландия сафига чақирув олди. У, эндиликда, Норвегия ёки Грузия билан ўйинда майдонга туширилади. Шотландия аллақачон Евро-2024нинг финал босқичига йўлланмани қўлга киритган.
Метт О'Райли ("Селтик") – Дания – 22 ёш
О'Райли октябрдаги йиғинда ҳам иштирок этганди. Аммо у захирадан майдонга тушмаган. Унда Шимолий Ирландия ёки Словенияга қарши баҳсда дебют қилиш имкони мавжуд. Бу мавсумда ҳужумчи 6 та гол ва 7 та ассистга муаллифлик қилди. Данияда яна бир юлдуз етишмоқда дейиш мумкин.
Жоау Педру ("Брайтон") – Бразилия – 22 ёш
Эндрик билан биргаликда Педруга ҳам имконият тақдим этилиши мумкин. 22 ёшли ҳужумчи АПЛда, бу мавсум давомида 6 та голга муаллифлик қилди. Бразилия таркибидаги жароҳатланганлар сабабли Педруга имкон тақдим этилиши айтилган. Неймар, Ришарлисон, Жезус ва Куньяларнинг йўқлиги сабабли Педруда яхшигина имконият бўлади.
ИСМАТОВ Ж.