Бир қарашда, кўпчилик эътиборидан четда қолган «Шеффилд Юнайтед» - «Борнмут» (АПЛ 13-тури) ўйинида тарихий воқеа кузатилди.
Жастин Клюйверт Англия элит дивизионидаги биринчи голини нишонлади ва Европанинг кучли 5та лигасидан ҳар бирида рақиб дарвозасига йўл топган атиги 3-футболчи бўлди. Кичик Клюйверт бунга қадар «А» серия, Лига 1, Бундеслига ва Ла Лигада гол қувончини туйганди. Мана, энди АПЛда ҳам ўзини кўрсатди ва ўзига хос рўйхати тўлиқ ҳолатга келди.
Асосий факт шуки, Жастин Клюйверт бундай натижага атиги 5 мавсум (агар топ-5 лигадаги биринчи ўйинидан ҳисобласак, 6 мавсум)да эришди. «Аякс» тарбияланувчиси саналган кичик Клюйверт ёшлигидан Нидерландиянинг энг иқтидорли ва истиқболли футболчиларидан бири саналган, бироқ 24 ёшга етдики, умидларни ҳали оқлагани йўқ. Ҳар ҳолда, Жастин тез-тез клуб алмаштириш билан овора ва ҳали бирор жойда муҳим футболчига айланолмади. Ҳозир ҳам ўз жамоасини қидираётгандек.
Асосийси, жорий мавсум «Борнмут» шарафини ҳимоя қилаётган нидерландиялик «Шеффилд» дарвозасини нишонга олиш асносида футбол тарихига кирди. Диққат қилинг, бунга қадар Европанинг энг кучли 5та лигасидан ҳар бирида гол уриш атиги 2 нафар футболчига насиб этганди:
Флорин Радучою. Руминиялик ҳужумчи шундай ўзига хос «квест»га эришган биринчи футболчи саналади. У ўтган асрнинг 90-йиллари «А» серияда «Бари», «Верона», «Брешия» ва «Милан» клублари сафида тўп сурган, кейин навбати билан «Эспаньол», «Вест Хэм», «Штутгарт» ва «Монако»да кўриниш берган.
Стеван Йоветич. Рэдучою натижасини 2021 йилга келиб, сербиялик ҳужумчи такрорлади. Йоветич «Фиорентина», «Манчестер Сити», «Интер», «Севилья», «Монако» ва «Герта» клубларида ўйнади.
Айтганча, Жастиннинг отаси Патрик Клюйверт ҳам бундай кўрсаткичга яқин келган. У аввалига «А» серияда «Милан» учун 6та гол урган, кейин Ла Лигада «Барселона» (90та гол), АПЛда «Ньюкасл» (6та гол), Лига 1да «Лилль» (4та гол) шарафини ҳимоя қилган. Хуллас, Патрик ҳисобида фақат Бундеслига белгиси остидаги гол йўқ. Демак, Жастин бу борада отасидан ўзиб кетишга улгурди, аммо унинг даражасига етиш учун ҳали кўп тер тўкиши керак. Ахир катта Клюйверт футболда мислсиз ютуқларга эришган, жумладан, ЧЛда ҳам ғалаба нашидасини сурган.