Туриннинг "Ювентус" клуби ўзининг чап қанот ҳимоячиси Aлекс Сандронинг келажаги борасида бир қарорга келди, унинг шартномаси жорий мавсум охирида якунига етади.
Журналист Николо Скиранинг ёзишича, раҳбарият бразилиялик футболчига янги шартнома таклиф қилмайди ва футболчининг эркин агент сифатида кетишига рухсат беради.
Aйни дамда ҳимоячи хизматларига Туркия ва Бразилия клублари қизиқиш билдирмоқда. Шу ойдан бошлаб 32 ёшли футболчига ёзда Aлексни текинга олмоқчи бўлган бошқа клублар билан музокара ўтказишга рухсат берилди.
Эслатиб ўтамиз, Сандро деярли 9 йилдан бери Туриннинг “Ювентус” клубида ўйнаб келмоқда. Бу даврда ҳимоячи жамоа билан 5 марта Италия чемпионлигини қўлга киритган, шунингдек, улар билан Чемпионлар лигаси финалига қадар етиб борган.