Ўзбекистон миллий терма жамоаси ва Махачқалъанинг «Анжи» клуби яримҳимоячиси Одил Аҳмедов Европа Лигасининг «Ҳанновер»га қарши учрашувидан кейин россиялик мухбирларнинг саволларига жавоб қайтарди.
— Учрашувнинг дастлабки қисми ўта мураккаб кечди. Албатта бу бу йилги мавсумдаги дастлабки учрашувимиз бўлгани ҳам сабаб бўлди бунга. Барибир гол ўтказиб юбордик. Яхшиямки, бу голдан кейин тезда ўзимизга келишга муваффақ бўлдик.
— Ешенко қулай вазиятга чиққанида худди Мессидек гол уришни хоҳлаганини таъкидлаб ўтди. Сиз киритган голингизга қандай таъриф берган бўлардингиз?
— Бир нарса дейиш қийин. Тўпни менга келаётганини кўрдим. Фақат зарба бериш керак эди. Мана гол ҳам бўлди... Муҳими бу голга айланди.
— Бу голни фаолиятингиздаги энг муҳим гол деб ҳисоблайсизми?
— Нега энди? Умид қиламанки, ҳали муҳим голларим олдинда.
— Учрашувдан кейин Гуус Хиддинк сизларга нималар деди?
— Барчани ғалаба билан табриклади. Аммо ҳали олдинда жавоб учрашуви борлигини эслатиб ўтди. Агар биз янада яхшироқ ўйнай олсак йўлда давом этишимиз мумкинлигини таъкидлади.
— Бир йўла уч нафар таянч яримҳимоячиси билан ўйнаш қандай бўларкан? Илгари «Анжи» бундай тизимда майдонга чиқмасди.
— Бу мураббийнинг қарори. Майдонда нима қилиш керак, қандай ўйин чизмасида ҳаракат қилиши керак, буларнинг барчасини у жуда яхши билади.
— Нима деб ўйлайсиз, «Ҳанновер» нега ўйин сўнггида жуда кўплаб қулай вазиятларни яратди? Чарчаб қолдингизларми?
— Олдинроқ таъкидлаб ўтгандим: бу бизнинг бу йилги мавсумдаги биринчи расмий ўйинимиз. Жамоа ҳозирча юз фоиз тайёр эмас.
— Виллиан кўрсатган ўйин қандай таассурот қолдирди?
— Таассуротларим ўртача. У тажрибали футболчи. Келажакда бразилиялик футболчининг «Анжи»га кўп фойдаси тегади, деб ўйлайман.