“Шўртан” футбол клубининг ижрочи директори Икром Норчаев янги мавсум арафасида клуб расмий сайти учун интервью берди. Икром Хурсанович интервью давомида жамоанинг жорий чемпионатга тайёргарлиги, клубга янги таклиф этилган футболчилар, жамоа олдига қўйилган вазифа ҳамда “Металлург”га қарши кечадиган биринчи тур учрашуви олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
— Икром Хурсанович, олий лига бошланишига ҳам саноқли кунлар қолди. Клуб раҳбари сифатида «Шўртан»нинг янги мавсумга тайёргарлиги ҳақида нима дея оласиз?
— Ҳақиқатан ҳам, чемпионат бошланишига оз вақт қолди. “Шўртан” футбол клуби янги мавсумга тайёргарликни сал кечроқ бошлади, лекин 14та жамоа иштирок этаётган олий лигага яхши тайёргарлик кўриш учун бу муддат бемалол етади деб ўйлайман. Хабарингиз бор, жамоамиз янги мавсумга тайёргарликнинг асосий қисмини Ғузордаги қароргоҳда клубга қарашли майдонларда ўтказди. Бу ерда барча шароит яратилгани боис машғулот жараёнида муаммолар бўлгани йўқ. Тайёргарликнинг иккинчи қисми Тошкент шаҳрида ўтказилди ва у ерда жамоамиз бир нечта назорат учрашувларида майдонга тушди. Умуман олганда, мавсумга ҳозирликдан қониқдим дея оламан.
— Маълумки, жамоамизнинг «Гулистон»га қарши ўртоқлик учрашувини бевосита стадионда кузатдингиз. Бу ўйин борасида фикрларингиз қандай?
— Дарҳақиқат, “Гулистон” билан кечган учрашувни ҳарбийларга қарашли “Кеч” стадионида кузатдим. Ўйин “Шўртан” устунлигида ўтган бўлса-да, якуний ҳисоб 2:2 натижаси билан якун топди. Менга кўпроқ жамоамизнинг иккинчи бўлимда кўрсатган ўйини ёқди. Биринчи таймда жамоа ҳужумчиси Артуас Фоменко ҳакам томонидан қизил карточка олиб майдондан четлатилди. Бундан ташқари, ушбу футболчи биринчи бўлимда ўз имкониятидан бирмунча паст даражада тўп сурди. Гарчи майдон ҳолати зўр бўлмаса-да, жамоамиз яхши ҳаракат қилди. Лекин менга Ботир Қодирқулов билан Ильнур Хазигалиев кўрсатган ўйин унчалик ёқмади.
— Сизнингча, мавсум арафасида клубга таклиф этилганлар йўқотишлар ўрнини муносиб равишда тўлдира оладими?
— Албатта, 2012 йилдаги таркибимиз жуда кучли эди. Бу ҳақда кўп гапирилди. Янги мавсум арафасида жамоани асосий ўйинчилардан Вадим Афонин, Адама Соро, Патрик Агбо, Ҳамза Каримов, Михаил Наумов, Александр Мерзляков, Фарҳод Тожиев, Лазиз Убайдуллаев, Игорь Таран кабилар тарк этишди. Бунақа савияли футболчилар ўрнини боса оладиганларни бирданига топиш қийин. Шундай бўлса-да, имконият даражасида таркибни тўлдиришга эришдик. Ҳозир қўл остимизда ўтган йилгидек жамоа бўлмаса ҳам, ҳарқалай ёмон таркибга эга бўлмадик. Ушбу таркиб билан ҳам бемалол юқори ўринлар учун курашcа бўлади. Кучли таркиб билан ўз имкониятидан паст савияда тўп сургандан кўра, кучсизроқ таркиб билан юқорига интилган яхши деб ҳисоблайман.
— Куни кеча жамоа бош мураббийи Эдгар Гесс «Футбол шарҳи» кўрсатувига берган интервьюсида «Шўртан» олдига бу йил камида саккизталикка кириш вазифаси қўйилишини айтиб ўтди. Клуб олдига бу йилги мавсум учун вазифа қўйилдими?
— Ҳар бир жамоа мавсум аввалида шароитдан келиб чиққиб ўз олдига вазифа қўяди. “Шўртан”бу йил олий лигада ўзининг 9-мавсумини ўтказади. Тўғрисини айтсам, жамоа устозининг саккизталикка кириш учун кураш олиб борамиз деб айтгани мени ҳайрон қолдирди. Менинг фикримча, мураббийнинг саккизинчи ўрин учун курашамиз дейиши чемпионатда бемалол қатнашсак бўлаверади деган гапга ўхшаб қоляпти. Футболчи клуб билан шартнома тузаётганда ўзига кўпроқ маош белгиланишини хоҳлайди. Бу йил биз билан шартнома тузган футболчиларга ёмон маош белгиламадик. Шундан келиб чиқиб футболчилар бешинчи ўрин учун кураш олиб боришлари керак. Бу фақат менинг гапим эмас, балки вилоят ҳокимининг ҳам биздан талаби шу. Вилоят ҳокимлигида футбол бўйича 2012 йилги мавсум якунларига бағишланган катта йиғилишда вилоятимиз раҳбари Туробжон Жўраев “Шўртан” олдига бу йил ҳам камида бешинчи ўринни эгаллашни бош вазифа қилиб қўйди. Агар мавсум мобайнида молиявий муаммолар халақит бермаса, ўйлайманки, бемалол юқори ўринлар кураша оламиз.
— «Шўртан» олий лиганинг 1-тур учрашувини «Металлург»га қарши ўтказади. Статистикага қарайдиган бўлсак, «Шўртан» сафарда «Металлург»ни ҳали мағлубиятга учратмаган экан. Жамоамиз бу йил Бекободдан уч очко билан қайтишга қодирми?
— Янги мавсумни “Шўртан” учун олий лигадаги энг ноқулай рақиб “Металлург”га қарши баҳс билан бошлаймиз. Бунинг устига ўйин сафарда бўлиб ўтади. Тўғрисини айтсам, “Металлург”ни қачон ютганимизни ўзим ҳам эслай олмайман. Адашмасам, Сергей Ковшов клубни бошқарган пайти бу жамоани Ғузорда 2:1 ҳисобида мағлуб этгандик. Бемалол айтишим мумкин, ҳар икки жамоа ўртасидаги аксарият беллашувлар “Шўртан” устунлигида ўтган, аммо кўп ҳолларда “Металлург” ғалабани илиб кетган. Аммо энди у пайтлар ўтиб кетди деб ўйлайман. Чунки жамоамизнинг ҳозирги таркиби билан “Металлург”ни айнан Бекободда мағлуб этса бўлади. Агар шу куни омад биздан юз ўгирмаса, уч очко билан қайтишга ҳаракат қиламиз. Лекин шу ўринда чемпионатнинг илк учрашуви ҳар иккала жамоа учун осон кечмаслигини унутмайлик.
— Сизнингча, бу мавсумда қайси жамоалар совринли ўринлар учун кураш олиб боришади?
— Бу йилги чемпионатда асосан пойтахт жамоалари совринли ўринлар учун кураш олиб боришади. “Локомотив”, “Бунёдкор”, “Пахтакор” клубларига “Насаф” жиддий қаршилик кўрсатиши мумкин. Шунингдек, “Нефтчи” билан “Шўртан” ҳам ўз кучини кўрсатишга ҳаракат қилади.