26 март куни Ўзбекистон терма жамоаси “Бунёдкор” стадионида Гонгконг терма жамоасини йирик ҳисобда мағлуб этди. Учрашувга 28 мингга яқин мухлис ташриф буюрди. Ўйин сўнггида бир гуруҳ футбол мухлислари майдонга югуриб чиқишди.
Тошкент шаҳар ички ишлар матбуот хизмати ходимларининг хабар беришича, ушбу шахслар ўша куниёқ Чилонзор тумани ички ишлар органлари фаолиятини мувофиқлаштириш бошқармасига олиб келинган. Тартиббузарларнинг 6 нафари вояга етмаган шахслар бўлгани сабаб, уларнинг ота-онасига нисбатан маъмурий баённома расмийлаштирилиб, жаримага тортилган.
Қолган уч нафар шахс юзасидан ҳам маъмурий баённома тузилиб, қонуний қарор қабул қилиш учун жиноят ишлар бўйича туман судига юборилган.
Суд қарорига кўра қоидабузарларнинг икки нафари Нурлан Амангалиев ва Камолиддин Раҳимов 5 сутка, Муроджон Мавлонов эса 7 сутка маъмурий қамоқ жазоси тайинланган.
Ўзбекистон футбол ассоциацияси бош котиби Даврон Файзиевнинг фикрига кўра, ушбу ҳодиса сабаб ассоциация ОФК томонидан жаримага тортилган.