14 апрель санасида Тошкентда ИБА чемпионлар оқшоми бўлиб ўтади.
Марказий жангда чемпионлик учун Ҳасанбой Дўсматов испаниялик Самуэль Кармонага қарши рингга кўтарилади. Шунингдек, ушбу жанг оқшомида Баҳодир Жалоловнинг Хорватия вакили Агрон Смакичи билан жанги ҳам ўрин олган эди. Аммо Баҳодир Жалолов иштирокидаги жанг бекор қилинган. Бу ҳақда боксчининг ўзи Instagram ижтимоий тармоғида маълум қилди.
“Ассалому алайкум! Барчангизга Рамазон ҳайити муборак бўлсин. Сизларга 14 апрель кунги жангим бекор бўлганини хабар қилмоқчиман. Ҳаммаси Аллоҳдан, бу ёғига асосий эътибор олдинда турган Париж Олимпия ўйинларига қаратилади. Инша Аллоҳ биз буни уддалаймиз. Мени ҳар қандай ҳолатда ҳам қўллаб-қувватлаб турган барчангизга каттакон раҳмат”,— дейди Олимпиада чемпиони Баҳодир Жалолов.
WBC март ойи учун янгилаган рейтингда Баҳодир Жалолов ўз вазн тоифасида 12-ўринни эгаллаб турибди.