Жорий мавсум бошида «Манчестер Сити»дан воз кечиб, «Барселона» сафига қўшилган германиялик турк Илкай Гюндоган майдонда ҳамиша хотиржамлигини билан ажралиб туради.
Фахрий футболчи шунингдек, футболдан ташқарида очиқ-ошкора ва оптимистик руҳда фикр юритади. Мана, ярим ҳимоячи barcamania.com сайтига берган интервьюсида ҳам ўз одатига хилоф бормади. Яъни амалдаги клуби ўйин бобида ҳали анча ўсиши кераклигини таъкидлади. Илкай шунинг баробарида «Барса» ҳозир эволюция жараёнининг муҳим палласида эканлигига ишонч билдирди.
- Илкай, клуб муҳити ва Барселона шаҳрига мослашиш жараёни қандай кетяпти?
- Бу ерда ўзимни мутлақо эркин ҳис қиляпман, оилам ҳам жуда бахтиёр. Миттигина фарзандимиз бор, у билан декабрь ойида ҳам шаҳар кўчалари бўйлаб бемалол сайрга чиқишимиз мумкин.
- Ҳамон шаҳарда яшаяпсизми?
- Ҳа, бир неча сарсонгарчиликлардан сўнг ниҳоят, ўзимизга мақбул қўнимгоҳ топдик. Турмуш ўртоғим билан сайрга чиқиш, ўзимизга янги ресторанлар ёки қадамжолар кашф этиш, қисқаси, шаҳарни тўлақонли ўрганишни хуш кўрамиз. Бунга қадар 7 йил Манчестерда яшагандик ва энди янги жойлар билан танишиш ғоят мароқли.
- Демак, Барселонада мутлақо бахтлисиз.
- Албатта.
- Бироқ «Барселона» сафидаги бошқа йигитлар кучли стрессни бошдан кечиришаётгандек...
- Мана, 15 йилдан буён футбол ичидаман ва тўкис бахтим профессионал ишимнинг қандай тус олишига бевосита боғлиқ эканлигини яхши биламан. Умуман, иш ва кунлик ҳаётимни бир-биридан сира ажратолмайман. Лекин баъзан қайсидир жиҳатдаги омадсизликни синаб кўришга тўғри келади, барибир.
- Демак...
- Ҳа, эртами-кеч футболдаги муваффақиятсизликларингизни уйингизга олиб киришдан ўзга чора тополмайсиз. Энг муҳими, ҳар қандай ҳолатда ҳам, иложи борича барчасига оптимистик қарашни сақлашга интилиш керак. Яширишга ҳожат йўқ, оилам бутун фаолиятимда катта ролга эга. Яъни яқинларимнинг қўллаб-қувватлашларисиз ҳозирги даражага чиқолмасдим.
- «Барса»да нима кутгандингиз ва уларга қай даражада етишдингиз?
- Тушунарлики, дунёдаги энг катта клублардан бири сафига қўшилаётганимни билардим. Жамоа ер юзининг турли бурчакларида минг-минглаб мухлисларга эга. Табиийки, ҳаммада «Барса» ҳақида муайян фикр бор. Шунга яраша, муносабатлар масаласида аввало, мувозанат сақлашга ҳаракат қиламан.
- Қизиқ, босим қаерда кучлироқ - «Барселона»дами ёки «Сити»да?
- Очиғи, бу борада катта фарқ кўрмаяпман. Қачон яхши ёки ёмон ўйнаганимизни фаҳмлаш учун етарли ақлим бор. Жумладан, ўз ўйинимга ташқи томондан қараб, баҳо бера оламан. Ҳаттоки, оилам ёки дўстларимдан танқид қабул қилсам ҳам, қай бири нечоғли тўғри эканлигини осонгина тушунаман.
- Хўш, сизни айнан ким кўпроқ танқид остига олади?
- Онам! Ота-онам ёшлигимдан ҳар жойда акам ва мен билан бирга бўлишган. Улар ҳамон фаолиятимни диққат билан кузатиб боришмоқда. Доимий ва энг катта танқидчим - бу онам. Ундан яхши баҳо олиш жуда қийин.
- Онангизнинг фикрича, «Барса» либосидаги энг яхши ўйинингиз қайси?
- У «Алавес»га қарши баҳсдаги ҳаракатларим ёққанини алоҳида эътироф этди. Ўшанда ҳисобимга гол ва ассист ёздириб қўйгандим.
- Онангизнинг бу масаладаги фикрига қўшиласизми?
- 100 фоиз эмас. Ҳа, кўпинча статистик кўрсаткичлар ва рақамлар алдамайди. Лекин баъзида статистика ҳам футболчи ажойиб ўйнаганини кўрсатиб беролмаслиги мумкин. Ахир айрим ўйинларда гол урмайсиз ёки самарали узатма бермайсиз, аммо чуқурроқ позицияда беназир ҳаракатланиб, жамоангизга катта наф келтирасиз. Дейлик, жорий мавсум кўпинча мудофаа функцияларини бажарадиган таянч ярим ҳимоя нуқтасида ҳаракатландим. Бунда ҳужумга қўшилганимда, ўрнимни ёпиб турадиган клубдошим зиммасига кўпроқ юк тушади. Ҳужум учлигида ўйнаганимда эса, рақиб дарвозасига яқинроқ жойлашаман. Ўз-ўзидан аёнки, бу нуқтада кўзга ташланиш нисбатан осонроқ - ҳал қилувчи узатма ёки гол муаллифига айлансангиз, бас. Муҳими, ҳар бир позиция айнан нималарни талаб этишини яхши тушунаман ва хоҳ мудофаа, хоҳ ҳужумда бўлсин, ўз вазифамга бирдек масъулият билан ёндашаман. Асосийси - бутун жамоанинг муаммосиз ишлаши.
- Таҳлилчилар ҳозирги «Барса» бундан анча яхши ўйнаш салоҳиятига эгалигини таъкидлашмоқда. Бу фикр қанчалик тўғри?
- Ҳа, шубҳасиз, шундай. Дейлик, таркибдаги ҳар бир футболчи янада яхшироқ тўп суриш имкониятига эга. Ҳозирча кутилган даражада ўйин кўрсатолмаётганимиз ҳам айни ҳақиқат. Баҳона эмас, лекин мавсум бўйи кўплаб қийинчиликларга юз тутдик: жароҳатлар, катта босим, футболдан четдаги гаплар... Бундан айниқса, ёшлар кўпроқ қийналишди.
- Жамоа вазиятни бутунлай ўзгартиришга қодирлигини қачон кўрсатади?
- Яқин 2-3 ой - энг муҳим давр. Ахир мавсумнинг ҳал қилувчи қисми яқинлашмоқда. Демак, энг юқори спорт формасида бўлиш учун машғулотларни изчил давом эттириш баробарида танамизга максимал даражада ғамхўрлик қилишни унутмаслигимиз керак. Қолаверса, ҳозирги паллада маррани каттароқ олиш ҳам муҳим.
- Гюндоган, де Йонг ва Педридан иборат Европанинг энг яхши ярим ҳимоячилар триосида ким кўпроқ каромат кўрсатмоқда, сизнингча?
- Йўқ, ўзимизни энг яхши учлик сифатида тилга олмайман, гарчи бизда ҳаммаси мужассам бўлсада - тажриба, истеъдод, салоҳият... Масаланинг яна бир томони бор: ҳозирга қадар нечта ўйинда бирга ҳаракатландик? 10тами? Тушунинг, мукаммал даражада ишлаш учун олтин мувозанатни топиш керак. Бунга эса маълум вақт кетади, барибир. Оддий мисол, де Йонг билан анча тил топишиб олганимиздан кейин тактикамиз бироз ўзгарди ва энди юқорироқда ўйнаяпман. Яъни Ламин Ямал ва бошқалар билан кўпроқ уйғун ҳолда ҳаракатланяпман.
- Бугунги «Барселона»га чин етакчи етишмаётгандек.
- Жамоа атиги 2 йил ичида кўплаб етакчиларидан айрилди, кетганлар ўрнини бирданига тўлдириш эса осон эмас. Чин етакчи мақоми йўлида кўп тер тўкиш ва барчасини майдонда исботлаш керак. Бу жараён ўз-ўзидан ривожланади, лекин вақт талаб этади, барибир. Жумладан, менинг ҳолатимга келсак, йигитлар билан тўлақонли мулоқот ўрнатиш учун ҳали испан тилини ўрганишим керак. Бугун айнан шу жиҳат устида ишлаяпман.
- Сизнингча, «Барса» ҳозирги ҳолатида «Сити»дан қанчалик узоқда?
- Аниқ гапириш қийин. «Сити» билан ўйнаб кўрмагунимизча буни билолмаймиз ҳам. Тушунарлики, ЧЛ «плей-офф» раундларида ҳар бир ўйин нолдан бошланади. Табиийки, профессионал футболчи сифатида клубимиз «Сити» каби катта рақиблар билан тенгма-тенг рақобатлашишини истардим.
- Хосеп Гвардиола билан гаплашиб турибсизми?
- Ҳа, вақти-вақти билан. Асосан ҳаёт ҳақида гурунглашамиз. Табиийки, Пеп Барселона шаҳри ҳамда клубдаги ишларимга ҳам қизиқади. Қолаверса, у «Барса»га ҳам бефарқ эмас, ахир гап юрагидан абадий жой олган жамоа ҳақида кетмоқда. Гвардиола билан дилдан гаплашсангиз, буни осонгина фаҳмлашингиз мумкин.
- Кўпчилик ҳалигача бир саволга аниқ жавоб тополмади: Илкай Гюндоган нега мукаммал «Сити»ни муаммолар ичида қолган «Барселона»га алмаштирди?
- Футбол шунақа. Унда мудом рақобатлашасиз. Қайтараман, анчадан буён шу спорт ичидаман ва ғалаба текинга келмаслигини яхши биламан. Умуман, бутун фаолиятимни олсак, муваффақиятли мавсумлардан кўра, омадсизлари кўпроқ. Кўтарилиш ва зафарларни қадрлаш учун эса баъзан йиқилиш ҳам керак. Қисқаси, футболда ҳаммаси худди ҳаётдаги каби анча мураккаб.
- Охирги савол: «Барса»да қанча муддат ўйнамоқчисиз?
- Тўхтанг, вақтдан илгарилаб кетиш ярамайди. Фақат шуни айта оламанки, бу ерда ҳам катта муваффақиятлардан баҳра олиш учун янада кучлироқ бўлишни хоҳлайман.
МУҲАММАДХОН тайёрлади