Кириш Регистрация
26/12 17:30 Манчестер Сити 1-1 Эвертон
26/12 20:00 Борнмут - Кристал Пэлас
26/12 20:00 Челси - Фулхэм
26/12 20:00 Ньюкасл - Астон Вилла
26/12 20:00 Ноттингем Форест - Тоттенхэм
26/12 20:00 Саутгемптон - Вест Хэм
26/12 22:30 Вулверхэмптон - Ман. Юнайтед
27/12 01:00 Ливерпуль - Лестер

Тибо Куртуа: Ёрқин фаолиятдаги ёмон йил

Баҳо:
+ | -

Жорий мавсумни жароҳатларсиз ўтказиш бобида «Реал»нинг омади келмади.

Бир вақтнинг ўзида 3 нафар етакчи футболчи - Давид Алаба, Эдер Милитао ва Тибо Куртуанинг хочсимон пайлари шикастланиб, узоқ муддатга майдонни тарк этишди. Учликнинг икки нафар вакили мартнинг охири ёки апрель аввалида сафга қайтишига қандайдир умид бор эди. Бироқ улкан қайтиш фақат Милитаога насиб этди. Жароҳатдан кейин Эдер бин неча дақиқа бўлсада, тўп сурди. Тибонинг ишлари эса юришмади. Аслида, дарвозабоннинг омадсизлиги ўтган йилдан бери тугагани йўқ. Бунга унинг ўзи ҳам қисман сабабчи.

Куртуа ҳеч қачон камтарин ва андишали йигит бўлмаган. Ортиқча қийинчиликсиз ўзини дунёнинг энг яхши дарвозабонлари сафига киритиб, атрофидагилардан шунга яраша муносабатни талаб қила бошлаган. Бироқ афтидан, ҳар доим ўзи истаган муомалага эриша олмаган. 2023 йиль июнида «Реал» посбони ихтиёрий равишда Бельгия терма жамоаси қароргоҳини тарк этиб, улкан можаронинг сабабчиси бўлганди. Ўшанда у ўзидан атиги 7 ёшга каттароқ бўлган бош мураббий Доменико Тедеско билан тортишиб қолганди. Бироқ бу жузъий тортишув ўта қисқа вақт ичида жамоатчиликка ёйилиб кетди.

Куртуа терма жамоани Эстонияга қарши учрашув арафасида тарк этганди. Кетиш сабабини ҳеч ким билмагани сабабли, янгилик хавотирли эди. Ҳамма жумбоққа жавоб топиш умидида Тедескодан матбуот анжуманини кутганди. Бош мураббий буни тўлиқ амалга оширди. У футболчи ўз ихтиёри билан кетганини айтиб, ҳатто сабабини ҳам ошкор этди. мутахассиснинг гапларига биноан, Куртуага Австрияга қарши баҳсда жамоани у эмас, Ромелу Лукаку майдонга олиб тушгани ёқмаган. Бундан ташқари, Эстонияга қарши ўйинда ҳам сардорлик боғичи унга берилиши кераклигини айтган.

Тедескони Куртуанинг феъл-атвори ҳайрон қолдирган бўлса, Тибони мураббий жанжални жамоатчиликка ёйгани шок ҳолатига тушириб қўйганди. Сардорлик боғичига оид вазият уни қаттиқ ранжитганини дарвозабон тасдиқлади, лекин жамоани тарк этишига тиззасидаги жароҳатни рўкач қилди. Тедеско эса бу ахборотни тасдиқламади. Бундан ташқари, кетишига жароҳат сабабчи, деса, ўзи ёлғончи бўлишини, аслида, шогирди ёлғончи эканлигини таъкидлади.

Дунёнинг энг моҳир дарвозабонларидан бири билан ошкора можародан кейин Тедеско ўта ноқулай вазиятга тушиб қолди. Бироқ унинг бахтига, терма жамоанинг собиқ ва амалдаги футболчилари мураббийни қўллаб-қувватладилар. Масалан, Филипп Альбер интизомга бўйсунмаган футболчи ким ва қандай мақомда бўлишидан қатъий назар, албатта жазоланиши кераклигини таъкидлади. Янник Карраско эса жамоадоши фикрини маъқуллаб, можаро жумладан, сардорлик боғичига оид келишмовчилик сабабли юзага келганлигини тасдиқлади ва дарвозабоннинг ҳатти-ҳаракатларидан хафа бўлганлигини баён этди.

Терма жамоалар ўйинларидан кейин можарога барҳам берилмаган бўлсада, вазият сокин тус олди. Куртуа «Реал» таркибида янги мавсум тадорикини кўришга киришди. Бироқ ҳаракатлари зое кетди. Жорий мавсум стартига саноқли кунлар қолганда, тиззасидаги хочсимон пайлари шикастланиб, бошланмаган мавсумга нуқта қўйди. Шу тариқа муолажалар самарали бўлган тақдирда ҳам баҳорда майдонга қайтиши мумкинлиги маълум бўлди. Клуб мутасаддилари унинг ўрнини тўлдириш мақсадида «Челси»дан Кепа Аррисабалагани ижарага олишди. Бироқ тез орада мазкур қарор беҳуда эканлиги ойдинлашди, Андрей Лунин 1-рақамли дарвозабон ролини талаб даражасида адо этмоқда.

Соғлигини тиклаш даври бошланганида Куртуа яна можарога дуч келди. Ўтган йил охирида Тибо бўлажак Еврода иштирок этмаслигини баён этиб, ўз қарорини майдонга тушишга 100 фоиз тайёр эмаслиги билан изоҳлаганди. Касбдошларимиз илтимосига кўра, Тедеско Куртуанинг қарорига ўз муносабатини билдирди. Жумладан, мураббий Тибони Евро «заявка»сига киритишга тайёр эканлиги, лекин футболчи терма жамоада ўйнашни истамаса, уни мажбур қила олмаслигини баён этди. Мазкур баёнот ҳам «Реал» посбони фойдасига эмасди.

Куртуа Тедескога ижтимоий тармоқлар орқали жавоб йўллаб, мураббий уни қитъа чемпионатида қатнашиш ниятида эмас, дегани ёлғон эканлигига шама қилганди. Дарҳақиқат, Тибонинг тикланиш жараёни графикдан ўзиб кетган, унда Еврода қатнашиш имконияти бор эди. Март ойининг ўрталарида бельгиялик посбон Милитао билан биргаликда «Реал» машғулотларида иштирок этди. 31 март санасида у «Атлетик»ка қарши майдонга тушиши кутилганди. Бироқ ўйинда фақат Милитао иштирок этди, дарвозабон эса навбатдаги жароҳатга дуч келиб, майдонга туша олмади.

Шундан кейин қитъа чемпионати хусусидаги гап,сўзлар узил-кесил тўхтади. Назарий жиҳатдан Куртуа май ойида майдонга тушиши мумкин, аммо бу умумий вазиятга сезиларли таъсир этмайди. Яъни, бельгиялик моҳир дарвозабон «қироллик клуби» учун деярли нақд бўлган чемпионлик мавсумини ҳам, Евро-2024 турнирини ҳам ўтказиб юборади. Бундан ташқари, 4 йилдан кейин 35га чиқадиган футболчининг клуб ва Бельгия терма жамоасидаги келажаги ҳам мавҳумлигича қолмоқда.

Бельгия футбол ассоциацияси миллий терма жамоани Евро,2024 турнирига бирорта мағлубиятсиз олиб чиққан Доменико Тедесконинг шартнома муддатини узайтирди. Раҳбарият мураббийни қўллаб-қувватлагани табиий ҳол. Куртуа эса «Реал»да 1-рақамли дарвозабон мақомини қайтариб олиши тахмин қилинмоқда. Лунинг жорий мавсумни қанчалик муваффақиятли ўтказишидан қатъий назар, мадридликлар барибир, бельгиялик дарвозабонга кўпроқ ишонадилар. Қолаверса, Тибодек машҳур ва мағрур посбон захира ўриндиғида ўтиришга рози бўлишига ишониш қийин. Балки, Лунин янги мавсумда аввалгидан кўра кўпроқ майдонга тушар, лекин Куртуа ўрнини тўлиқ эгаллаш эҳтимоли жуда оз. Клуб мутасаддилари буни яхши тушунадилар. Сзнгги маълумотларга биноан, клуб украиналик дарвозабон шартномаси муддатини узайтириш ниятида. Лекин футболчи бош­қа жамоага ўтишни истаса, сотиб юборишга ҳам тайёр.

Шахсан Куртуа келажаги хусусида тўхталадиган бўлсак, Роберто Мартинес кетганидан кейин, унинг терма жамоадаги позицияси заифлашиб қолди. Бу эса Тибонинг халқаро аренадаги фаолияти клубдагига нисбатан кўпроқ мунозараларга сабаб бўладиган масала эканлигини англатади.

Р.ИБРОҲИМОВ тайёрлади

Манба: «Интерфутбол» газетаси
Киритилди: 23:58, 28.04.2024.
Ўқилди: 1402 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.