Европа Чемпионлар Лигасининг ярим финалида “Бавария” ва “Реал” 30 апрель, сешанба куни ўзаро тўқнаш келади. Дастлабки ўйин Мюнхенда бўлиб ўтади. Қуйида мазкур учрашувга оид маълумотлар ва қизиқарли фактлар тақдим этилади.
Германия. Мюнхен. “Альянц Арена”
30 апрель, сешанба
“Бавария” –“Реал” 00:00
Бош ҳакам: Клемен Тюрпин (Франция)
Бундеслигани бой берган “Бавария” бор кучини ЕЧЛга қаратади
Томас Тухель шогирдлари барча мусобақаларда 4 ўйинлик ғалабали серия намойиш этмоқда. Бундай ҳол сўнгги бор ўтган йилнинг ноябрида бўлган эди. Мюнхенликлар чемпионатни “Байер”га бой берганидан сўнг ортиқча босимдан халос бўлди ва бор эътиборини “Реал”га қарши учрашувга қаратиши аниқ.
“Бавария” оптимал таркибдан узоқроқда. Сарр ва Бое аввалроқ жароҳат олганди, Коман, Гнабри, Сане ва Упамеканоларнинг жароҳати эса клуб учун анча жиддий зарба бўлди.
Шунингдек, Мусиала, Лаймер ва де Лигтларда ҳам кичик жароҳат бор. Лекин шифокорлар уларни “Реал”га қарши ўйинда майдонга тушишига қаршилик билдирмаган. Мураббийлар штаби ҳам уларнинг хизматидан албатта фойдаланади. Чунки “Реал”га қарши баҳс мавсум тақдирини белгилаб беради.
“Қўрқинчли” “Реал Мадрид” яна бир фаворитни мусобақадан чиқариб юбора оладими?
Карло Анчелотти жамоаси Ла Лига чемпионлигини деярли ҳал қилди. Чемпионатнинг навбатдаги турида мадридликлар ёшлар ва захирада кўп қоладиганларга бемалол имконият бериши мумкин. Бу эса “Бавария”га қарши ўйинда таркиб борасида ҳеч қандай хавотир олмасликка сабаб бўлади.
Мюнхендаги баҳсда “қаймоқранглилар”га карточка сабабли Дани Карвахаль ёрдам бера олмайди. Шунингдек, Куртуа ва Алаба ҳамон лазаретда. Ундан ташқари Менди, Беллингем ва Родриголар ҳам кичик жароҳатларидан қутулган. Улар “Бавария”га қарши ўйинда майдонга тушиши кутилмоқда.
Ўйин олдидан қизиқарли фактлар:
— “Бавария” Чемпионлар Лигасида кетма-кет 15 та уй ўйинида мағлуб бўлмаяпти (12 та ғалаба, 3 та дуранг);
— “Бавария” ЕЧЛнинг кетма-кет 3 та уй ўйинида ўз дарвозасидан гол олиб чиқмаяпти;
— “Реал” Чемпионлар Лигасида кетма-кет 10 ўйиндан буён мағлубият нималигини билмаяпти (7 та ғалаба, 3 та дуранг);
— “Реал” жорий мавсум турнирнинг барча меҳмондаги ўйинларида гол уриб келмоқда.
“Бавария” — “Реал” ўзаро ўйинлар тарихига назар:
Европанинг икки гранди қитъалар даражасида жуда кўп тўқнаш келган, шулардан 16 таси Чемпионлар Лигасига тўғри келади. Устунлик — “Реал”да. Мадридликлар ўзаро ўйинларда 9 та ғалабага эришган. 5 та мағлубият ва 2 та дуранг қайд этган.
Сўнгги бор “Бавария” ва “Реал” 2018 йил баҳорида тўқнаш келган. Икки ўйин натижасига кўра “қаймоқранглилар” (2:2, 2:1) финалга йўл олган. Киев финалида мадридликлар “Ливерпуль”ни енгиб, шоҳсупага кўтарилганди.
Томас Тухель ва Карло Анчелотти ўзаро қарама-қаршиликларда:
Тухель ва Анчелотти 10 марта бир-бирига қарши ўйнайди. Ҳозирча устунлик немис мураббийи томонда. 4 та ўйинда Тухель мураббийлик қилган жамоалар ғалаба қозонган. 2 та ўйин дуранг билан якунланган. 3 та ўйинда эса Карло Анчелотти бошчилигидаги клублар зафар қучган. Тухель “Боруссия”, “Челси” ва “ПСЖ”ни, Анчелотти эса “Бавария”, “Эвертон”, “Наполи” ҳамда “Реал”ни бошқараётган вақтда ўзаро тўқнаш келган.
Мураббийларнинг ўйин олди фикрлари
“Челси”да ишлаган пайтларим 2 марта “Реал” билан тўқнаш келганмиз. Ўша пайтдаги “Реал”га қарши ўйинимиздан бунисининг фарқи — Карим Бензема йўқлигидир. Ўшанда Карим асосий фигуралардан бири эди.
У кетгач, жамоа Бенземанинг ўрнини тўлдира олди. Шунингдек, Жуд Беллингемни ҳам алоҳида эътироф этиш зарур. У “Реал” ўйинида катта ўзгаришларга сабабчи бўлди.
Яна Кроос, Модрич, Винисиусларни таъкидлаб ўтиш мумкин.
Бизга тактика ва омад керак. Агар сиз “Реал”ни ютмоқчи бўлсангиз, барчаси муҳим бўлади", — деди Томас Тухель.
“Реал” финалда? Бу гап мени безовта қилмайди. Қаршимизда Бундеслигани қўлдан бой берган бўлса-да, Европанинг энг кучли жамоаларидан бири “Арсенал”ни мусобақадан чиқариб юборган “Бавария” турибди.
Биз нимага қодирлигимизни барча яхши билади. Ҳамма бизни ҳурмат қилишини сезяпмиз. Қийин ва оғир учрашув кутиб турибди", — деди Карло Анчелотти.
“Бавария” ва “Реал” ўртасидаги учрашув Ўзбекистон вақти билан 30 апрелдан 1 майга ўтар кечаси 00:00 да старт олади.