Иккинчи турнинг қолдирилган баҳслари доирасида қизиқарли учрашувларидан бири бўлиши кутилаётган Самарқанддаги очилиш маросимида маҳаллий «Динамо» Сирдарё вилоятининг «Гулистон» клубини қабул қилади.
ЎЙИНДАН ОЛДИН
Ўтказилган икки ўйин натижасига кўра, «Динамо» Фарғонада «Нефтчи»га пенальтидан киритилган гол эвазига мағлуб бўлиб қайтган бўлса, 3-тур доирасида Бекободда турнир пешқадамларидан бири бўлиб турган «Металлург» билан муроса йўлини танлаб келди. 2-турнинг ўйини «Динамо» - «Гулистон» учрашуви эса ноқулай иқлим шароити туфайли 23 март кунига кўчирилганди.
Қайд этиб ўтиш лозимки, лига дебьютанти ҳисобланмиш «Гулистон» жамоаси дастлабки турнинг сенсацион натижаларидан бири сабабчисига айланди. Бахтиёр Ашурматов шогирдлари Зарафшонда майдон эгалари «Қизилқум» футболчиларига ҳеч қандай имконият қолдирмай, собиқ «динамочи» Элёр Жаҳоновнинг «дубли» эвазига ҳозирча ягона ғалаба ва «Олмалиқ» билан дуранг қайд этиб, тўрт очкони жамғаришга эришишди.
МУҲАММЕДОВ БОШҚАРАДИ
ЎзПФЛ 2-тур учрашувларини бошқариб борадиган ҳакамлар рўйхатини эълон қилди. Унга кўра, Тошкент вилоятидан бўлган Республика тоифасидаги ҳакам Мурод Муҳаммедов ўйин бош ҳаками сифатида тайинланган. Унга қанотларда андижонлик ҳакамлар ёрдам беришади.
2-тур. 9 март (шанба)
«Динамо» - «Гулистон»
Ҳакамлар: М.Муҳаммедов (Тошкент вил.), А.Маражабов (Андижон), У.Каримов (Андижон), В.Серазетдинов
Назоратчи: А.Абдуллаев (Тошкент)
ЎЗАРО УЧРАШУВЛАР ТАРИХИ: 6 ЎЙИНДА, 5 FАЛАБА
Жорий йилги мавсум, лига дебютанти «Гулистон» учун Олий лига тарихидаги тўртинчи иштирокидир. Олдинроқ, гулистонликлар фақат 1994, 2000 ва 2003 йиллардагина Олий лигада иштирок эта олишган. Қолган йилларда эса жамоа асосан Биринчи лига баҳсларида тўп сурган. Аслида, сирдарёликлар 2011 йил якунларига кўра ҳам, Олий лигада тўп суриш имкониятини қўлга киритишган эди, бироқ ўшанда жамоанинг молиявий ҳолати «Гулистон»нинг юқори элитада қатнашишига тўсқинлик қилди. Бу эса ўшанда «Қизилқум»нинг лигада қолишини таъминлаганди.
Самарқанд ва Гулистон жамоаларининг ўзаро ўйинлар статистикасига назар ташлайдиган бўлсак, бу жамоаларнинг Олий лигада бор йўғи тўрт маротаба ўзаро майдонга тушганликларини кўриш мумкин. Ушбу баҳсларнинг учтасида кўҳна шаҳарликлар ғолиб бўлишган, битта ўйинда эса «Гулистон»нинг қўли баланд келган. Олий лигадаги голлар нисбати - 8:4, «Динамо» фойдасига бўлиб, самарқандликлар голларга Муҳсин Муҳаммадиев 2та, Равшан Бозоров 2та, Ойбек Усмонхўжаев, Сергей Лошак, Элшан Гамбаров, Шуҳрат Жабборовлар муаллифлик қилишган.
Шунингдек, бу жамоалар 1998 йилги мавсумда Биринчи лигада ҳам ўзаро майдонга тушиб, ҳар икки учрашувда ҳам «Динамо» ғалаба қозонган. Навбатдаги ўйин эса ҳисоб бўйича еттинчи тўқнашувдир.
Жамоаларнинг ўзаро ўйинлари:
23.03.2003 «Гулистон» – «Динамо» - 1:0
27.10.2003 «Динамо» – «Гулистон» - 1:0
21.05.2000 «Динамо» - «Гулистон» - 5:3
23.09.2000 «Гулистон» – «Динамо» - 0:2
10.05.1998 «Динамо» - «Гулистон» - 5:1
16.09.1998 «Гулистон» - «Динамо» - 0:2
«Динамо» клуби Матбуот хизмати.