«Милан»нинг ўнг қанот ҳимоячиси Давиде Калабрия яқинда клубнинг BMW билан ҳамкорлик дастури доирасида суратга олиш жараёнида қатнашди.
«Россонерлар» расмий сайти вакиллари эса фурсатдан унумли фойдаланган ҳолда, ундан қисқача интервью олишди.
Милан шаҳри
- Миланга боғлиқ хотираларим ажойиб, шаҳар менга ҳар томонлама маъқул. Аслида Брешияда туғилганман, лекин Милан мени ўзига тамомила мафтун қилди. Ҳар ҳолда, шаҳарда кўнгилочар масканлар жуда кўп. Қисқаси, ҳаммаси идеал: одамлар очиқкўнгил, сайёҳлар, ўйин-кулгу... Оддий айтганда, Миланда яшаш учун энг яхши шароитлар мужассам.
Фаолияти ва олий мақсади
- Айни пайт фаолиятимнинг энг юқори чўққисидаман. Умуман, яқин бир неча йил мен учун жуда муҳим. Тушунарлики, ҳозир тезликни тобора оширадиган ёшдаман. Амбиция ва умидлар шунга яраша катта, бу гап ҳам шахсий, ҳам жамоавий мақсадларга тегишли. Умуман, «Милан» ўзининг одатий даражасини тиклашга муносиб.
«Сан Сиро»да кўрган илк ўйини
- Ҳаммаси эсимда: илк марта «Милан»нинг ЧЛдан ўрин олган «Лилл»га қарши ўйинини бевосита стадионда кўргандим. Ёшлар жамоасида шуғулланганим учун «Сан Сиро»га кўп ташриф буюролмасдим. Агар вақт топсам, доим яшил секторга борардим, чунки чиптаси нисбатан арзон эди. Очиғи, кун келиб, бу аренада ўйнашни хаёлимга ҳам келтирган эмасман. Бу ҳақда фақат 15-16 ёшдан кейин ўйлай бошладим.
Илк амплуаси
- Аслида соф ярим ҳимоячи эдим, эҳтимолки, ўйинга кўпроқ ақл билан ёндашишим туфайлидир. «Милан»га ҳам ярим ҳимоячи сифатида келдим, кейин уч ярим ҳимоячи услубида тобландим. Инзаги эса мени ҳимоянинг чап томонига қўйди. Муҳими, янги позицияда ўзимни янада қулайроқ сеза бошладим. Кейинги мавсум мураббий мени ўнг тарафга ўтказди ва майдонда асл жойимни топдим.
«Милан»даги дебюти
- О, қандай ажойиб лаҳза... Тўғри, фаолиятимдаги энг яхшиси эмас. Орадан 1 йил ўтгач, ижара сафарига кетиш ёки қолиш масаласида қарор қабул қилишда роса иккиландим, чунки мавсум бўйи атиги 2-3та ўйинда майдонга тушгандим. Шунда Синиша Михайлович олдига чақириб, шубҳаларимни тарқатиб юборди: «Сени яхши кўраман, клубда қолишинг керак, ҳали вақтинг ҳам келади». Ўшанда 18 ёшли йигитча эдим. Михайлович қатъиятли ва бир сўзли эди ва унга тўлиқ ишондим. Якунда адашмаганим маълум бўлди.
МУҲАММАДХОН тайёрлади