Суперлига 11-туридан ўрин олган "Қизилқум" – "Андижон" (3:3) учрашувидан сўнг меҳмонлар мураббийи Артём Петросян матбуот анжуманида иштирок этди.
"Ўйин борасида нима дейишим мумкин? Жуда ёмон бошладик. Икки ўйиндан бери тезкор гол ўтказиб юбордик. Ўзимизга кела бошлаганимизда, қизил карточка олдик. Йигитлар ҳали ҳам эмоцияда. 0:2 дан кейин қўлни тушириб юборишмагани учун уларга ташаккур. 2:2 қилдик, қўшимча дақиқаларда гол ўтказиб юборганда ҳам бўш келмадик. Ўйини тортиб олдик. Бугун 85 дақиқа давомида бир киши кам бўлиб ҳаракат қилдик. Бемалол, очко ишладик деб айта оламан.
Нима учун бош мураббийга қизил карточка кўрсатилди? Тўғриси, билмадим. Балки, голни жуда эмоцияга берилган холда нишонлагани учун карточка кўрсатилгандир. Футбол бу эмоция. Уни робот сингари жим туриб томоша қилиб бўлмайди. Нафақат мураббий, балки бутун захира ўриндиғи ўрнидан туриб кетди. Бундай оғир ўйинда, бу нормал холат.
Арвеладзе захирадан ўйинга қўшилиб бизга 1 очко олиб келди. Ҳар бир баҳс учун режамиз бор. Шундан келиб чиқиб таркиб танлаймиз.
"Андижон" оптимал таркиб танлашда кеч қолмадими? "Манчестер Сити" ёки "Реал" мураббийига бу саволни берсангиз, улар ҳам бир ё икки позицияни кучайтириш кераклигини айтади. Кечаги машғулотдан келиб чиқиб таркиб танланган", — деди Петросян.