Суперлига 12-туридан ўрин олган "Сурхон" – "Металлург" (2:1) учрашувидан сўнг меҳмонлар мураббийи Илёс Қурбонов матбуот анжуманида иштирок этди.
"Нима ҳам дейман. Биринчи бўлиб гол урдик. Рақибни қандай футбол ўйнашини билар эдик. Интенсив ва мобил. Айнан шу сабабли иккинчи рақамда ўйнашни режа қилган эдик. Илк бўлимда бизда жуда кўп вазиятлар бўлди, аммо сифат етишмади. Шунга қарамай, олдинга чиқиб олдик. Кейин, бир киши кўп бўлгач иккинчи таймда тўпни кўпроқ назорат қилишни сўрадик. Темпни туширмоқчи эдик, афсуски уддалай олмадик. Жамоада психологик жиҳатдан қўрқув бор. Йигитлар ишончли ўйин намойиш эта олмади. Ўйинни таҳлил қилиб хато ва камчиликлар устида ишлаймиз.
Тўғри, бизда 8-9 йилдан бери тўп тепаётган маҳоратли футболчилар мавжуд. Биз биринчи таймда ҳисобда олдинда бора туриб, сўнгги дақиқаларда бир неча бор гол ўтказиб юбордик. Консенстрация йўқолмоқда. Футбол шундай ўйин. Менимча, руҳий тайёргарлик масаласида муаммолар бор. Футболчилар майдонда қўрқмай ҳаракат қилиши керак, аммо буни уддалай олишмаяпти. Хатолар кўпайиб кетди.
Футболда ишончсизлик ва қўрқув бўлса футболчини юраги тезроқ уради. Мондраж ҳолатда тезроқ чарчоқ бошланади. Жамоамизда ёши каттароқ футболчилар кўпроқ. "Сурхон" таркибида аксинча, асосан ёшлар ҳаракат қилади. Балки, шу фактор сабабли бизни жамоа тезроқ чарчаб қолгандир. Бизни олдинги мураббийимиз айнан жисмоний тайёргарлик бўйича мутахассис эди. Афсуски, ҳаяжон бўлганда қарор қабул қилишда муаммолар юзага келди.
Тўғри, бугун 3 очкодан қуруқ қолдик. Эътибор қилган бўлсангиз, ҳисобда олдинда бораётган пайтимизда ҳимоячимизда зўр имконият бўлди, бироқ фойдалана олмадик. Футболда "сен урмасанг, сенга уришади", деган нақл бор. Йигитларга, рақибни олдинроқда кутиб олишимиз кераклигини таъкидладик. Қанотларга урғу бериш керак эди, аммо биздаги ишончсизлик сабабли тўпни улар назорат қилишди. Иккинчи голни урганимизда, ҳаммаси ҳал бўлар эди. Афсуски, ҳужумда сифат етишмаяпти.