Суперлига 12-туридан ўрин олган «Навбаҳор» – «Қизилқум» (0:0) учрашувидан сўнг мезбонлар бош мураббийи Самвел Бабаян матбуот анжуманида иштирок этди.
"Кўп гапиришга хожат йўқ. Нимадир бўляпти жамоага. Омад келмаяпти. Бир нечта имкониятларга эга бўлдик, аммо фойдалана олмадик. Кетма-кет 4 ўйиндан бери дуранг қайд этмоқдамиз. Тушунтириб бериш мушкул. Албатта, таҳлил қиляпмиз. Тинимсиз ишлаяпмиз. Афсуски, биз рақибни бурчакка қадашни уддалай олмадик. Ҳатто, биздан бир нечта ўйин компонентларида кучсиз бўлган рақибга ҳам босим қилишни уддалай олмадик. Афсуски, олтинга тенг очколарни бой беряпмиз. Мухлислардан улар туйган ёқимсиз ҳислар учун узр сўраймиз. Чемпионат ўзининг авжига чиқди. Менимча, ҳаммасини ўнглаш учун имкониятимиз бор.
Ташкилотчилик масаласидаги айрим муҳим масалаларни раҳбарият билан келишиб олишимиз керак. Нима бўлганда ҳам, кубок ва чемпионатда юқори ўринлар учун кураш олиб бориш учун рақобатбардош таркибга эга бўлиш шарт. Ҳозирча, катта захира ўриндиғига эга эмасмиз. Ўйинни кучайтириш учун майдонга тушаётган футболчилар бор кучини бермоқда, аммо натижага бу таъсир қилмади. 100 та пенальти тепса, 100 та гол урадиган футболчи бугун ноаниқ зарба йўллади. Ваҳоланки, машғулотлар ва кичик турнирларда бу борада унга етадиган йўқ эди. Мен учун Намангандаги 3 йиллик фаолиятимдаги энг ёқимсиз, ва оғир вазият бу. Раҳбарият билан суҳбатлашган ҳолда, вазиятдан чиқиб кетишга ҳаракат қиламиз. Яна бир бор, мухлислар олдида натижа учун узр сўрамоқчиман. Уларнинг жаҳли чиққанини тушуниш мумкин. Шунга қарамай, «Навбаҳор» бор, бўлган ва бўлади!
Давралар оралиғида асосан ҳужум чизиғига урғу берилади. Голлар урмасак, натижа яхшиланмайди", — деди Бабаян.