Қозоғистонда бокс бўйича 15-16 ёшли ўсмирлар ўртасида якунланган Осиё чемпионатида тўрт олтин, беш кумуш ва бир бронза медаль жамғарган Ўзбекистон терма жамоаси умумжамоа ҳисобида иккинчи ўринни эгаллади.
2004 йилда Вьетнамда илк маротаба ташкил этилган 16 ёшгача ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионатида ўзбекистонлик ёш боксчилар уч кумуш ва бир бронза медаль жамғарган бўлса, бу гал медаллар сони ўнтага етди, деб ёзади Анонс.уз.
Осиё чемпионатида қитъамизнинг ўн тўрт мамлакатидан юз нафарга яқин боксчи 13 вазн тоифасида куч синашди. 52 килограмм вазн тоифасидаги беллашувларда қатнашган Жавоҳир Каримов кувайтлик Бандер ал-Мутайрий, қозоғистонлик Станислав Калицкий, япониялик Хината Марутани мағлубиятга учратиб, финал баҳсида тожикистонлик Баҳодир Усмоновни катта устунлик билан енгди ва Осиё чемпиони бўлди.
Финал учрашувларида иштирок этган ҳамюртларимиздан Улуғбек Раҳимов туркманистонлик Козимбек Мардонов қозоғистонлик Қодирбек Содиқбековни, Обиджон Тоҳиров ҳам мезбонлар вакили Айдўс Дуашни мағлубиятга учратиб, шоҳсупанинг энг юқори поғонасига кўтарилди.
Ўзбекистон терма жамоаси аъзоларидан Сулаймон Латипов, Шерзод Комилов, Музаффар Рашидов, Элдор Мержонов, Баҳромжон Фозилов кумуш медални қўлга киритган бўлса, Иқболжон Холдоров бронза медаль билан чекланди.