«Челси» ярим ҳимоячиси Конор Галлахер ниҳоят Мадриднинг «Атлетико» клуби футболчисига айланади.
«Матрасчилар» тахминан икки ҳафта олдин инглиз футболчиси билан шартнома имзолаганини эълон қилишлари мумкин эди, аммо Самуэль Омородионнинг «Челси»га ўтиши муваффақиятсизликка учрагани учун келишув кечиктирилишига тўғри келди. Энди клублар яна келишишга муваффақ бўлишди: Галлахер чоршанба куни «Атлетико»нинг янги трансфери сифатида таништирилиши кутилмоқда, Жоау Феликс эса тескари йўналиш томон йўл олади.
"Esto Es Atleti" хабарига кўра, лондонликларнинг 24 ёшли тарбияланувчиси аллақачон Мадридга келиб қўнди. Ярим ҳимоячи «Атлетико» мухлисларига дастхат бераётганда: «Эртага барчангизни стадионда кўришни интиқлик билан кутаман», деди.