"Атлетико Мадрид" бош мураббийи Диего Симеоне Хулиан Альвареснинг жамоага қўшилганидан кейин урган биринчи голи ҳақида гапирди. 24 ёшли форвард "матрасчилар" сафидаги бешинчи учрашувида дебют голини киритди.
Бу Ла Лига доирасида "Валенсия"га қарши ўйинда (3:0) юз берди. Аргентиналик футболчи 94-дақиқада “кўршапалаклар” дарвозасини ишғол қилиб, таблодаги якуний ҳисобни ўрнатди.
«Альвареснинг голини бутун жамоа қандай нишонлагани, мухлислар қанчалик хурсанд бўлгани кўп нарсадан далолат беради. Биз учун унинг гол уриши муҳим эди, чунки бу унга ўзини эркинроқ ҳис қилиш имконини беради. Мен унинг фикрини ўқий олмаяпман, мен ҳужумчи эмас эдим, лекин у голлар ва бу вазиятларнинг ҳаяжони учун яшайди. У бўлиши керак бўлган жойга келди ва ўз ишини қилди. Умид қиламизки, у худди шу руҳда давом этади”, - деди Симеоне ўйиндан кейинги интервьюсида.