"Барселона"нинг собиқ футболчиси Ривалдо Рафинья Диаснинг жорий мавсумдаги ютуқларига баҳо берди.
27 ёшли вингер жорий Ла Лигада ўнта ўйинда майдонга тушиб, бешта гол урди ва бешта голли узатмани амалга оширди. Яқинда "Севилья" билан ўйинда (5:1) бразилиялик футболчи битта голли узатмани амалга оширди.
"Мен бу мавсумда Рафиньядан жуда мамнунман, у ўзига бўлган ишончни оширди. Хави қўл остида унга бу етишмаётганди - бундай ишонч йўқ эди ва у кўпинча захирада қоларди ёки эрта алмаштириларди. Флик унга ишонади, шунинг учун ҳамма нарса осонлашди.
Рафинья жуда узоққа бориши мумкин. У керакли фазилатларга эга. Ўйлайманки, у клуб учун муҳим ишни қила олади", - дея Ривалдонинг сўзларидан иқтибос келтиради Barca Universal.