Таниқли промоутер Том Леффлер ўз мижози, украиналик Сергей Богачукнинг собиқ жаҳон чемпиони Исроил Мадримовга қарши бўлажак жанги ҳақида гапирди.
“Мадримов Богачук учун яна бир қийин рақиб, аммо, ўйлайманки, бу Сергей учун ғалабали жанг бўлади. Бу унинг учун яна бир катта имконият. Агар у Мадримовни мағлуб эта олса, бу унинг Брайан Мендоса ва Виржил Ортисга қарши жанглар билан биргаликда ажойиб йил ўтказганини англатади.
Ёдингизда бўлсин, ўша пайтда Виржил Ортис 20 та нокаут билан 20:0 ҳисобида рекорд ўрнатган ва одамлар уни Богачукни нокаутга учратишини кутишганди. Аммо Богачук уни икки марта нокдаунга туширганида, бу одамларнинг кўзини очганди.
Ҳозир кўпчилик Богачукни бу жангда аутсайдер сифатида кўрмоқда, лекин мен унинг ғалаба қозонишига ишончим комил. Бу фикрларни Сергей билан ишлаганим учун билдирмаяпман. Унинг имкониятларини яқиндан билганим учун айтяпман”, — дейди Леффлер.
Эслатиб ўтамиз, Исроил Мадримов ва Сергей Богачук ўртасидаги жанг 21 декабрь куни Саудия Арабистони пойтахти Ар-Риёд шаҳрида Олександр Усик—Тайсон Фьюри реванш жангининг андеркардида бўлиб ўтади.
Мадримов ўзининг сўнгги жангини Теренс Кроуфордга қарши 4 август куни Лос-Анжелесда ўтказганди. Жанг америкалик боксчининг очколар ҳисобига (115-113, 115-113, 116-112) кўра ғалабаси билан якунланган эди.
Украиналик 29 ёшли Сергей Богачук (24-2-0) эса ўзининг охирги жангини Вержил Ортисга қарши ўтказиб, имкониятни бой берган.