Ўзбекистон терма жамоаси эртага Хитойга қарши учрашувда майдонга тушади. Хитойликлар бундан ташқари, 11 июнь куни Голландия ва 18 июньда Таиланд термалари билан ҳам ўртоқлик ўйини ўтказишга келишиб олган.
Хитой матбуотининг ёзишича, терма жамоа 3 июнь куни Хуххот шаҳри стадионида машғулотларни бошлаб юборишган. Манбанинг қайд этишича, хитойликлар назарий машғулотларга ҳам алоҳида эътибор қаратишмоқда.
ЖЧ саралашининг сўнгги раундига чиқа олмаган Хосе Антонио Камачо шогирдлари эндиликда асосий эътиборни Осиё кубоги саралаши ва ўртоқлик учрашувларига қаратибгина қолмай, бу ўйинлар орқали иложи борича ФИФА рейтингида юқорилашга ҳаракат қилишади.
Хитойликлар олдида турган уч ўйиндан биринчиси бизнинг терма жамоамиз билан бўлиб ўтади. Ушбу ўйинга бош мураббий Ву Лей ва яна бошқа бир қатор янги футболчиларни жалб этган: Женг Зи, Сун Ксианг, Фенг Ренлианг, Жао Хури, Зенг Ченг, Гао Линг, Жао Пен, Кин Шенг (Барчаси «Гуанчжоу Эвергранд»), Пиао Женг, Ланг Женг (Бейжинг Гуоан), Ю Ханшао, Ю Дабао, Ли Ксиюпен (Дальян Арбин), Ю Хаи (Гиужоу), Сун Ке, Жоу Юн (Жиангсу), Ян Шанпинг (Лиаонинг), Женг Ксиаофенг, Женг Женг, Ян Ху, Ванг Йонпо (Шандонг), Ву Лей (Шанхай И.С), Ван Далей (Шанхай Шенхуа), Жианг Жипенг (Шанхай Шенхин), Лиу Жиан (Ксингдао).
Шунингдек, ушбу рўйҳатда бўлмаган ҳимоячи Пак Сун ҳам, гарчи ўнг оёғида жароҳат бўлишига қарамай, терма жамоага чақирилган.
Хабарингиз бор, терма жамоамиз ҳимоячилари Анзур Исмоилов ҳамда Шавкат Муллажонов Хитойда фаолият олиб боришмоқда. Албатта, хитойлик журналистлар улар ҳақида ҳам қайд этиб ўтишни унутмаганлар.
Мураббийларнинг фикрлари борасида ҳозирча хабарлар йўқ. Қўшимча қилиш жоиз, Хитой сайтларида футболга оид хабарлар оқими нисбатан паст.