Кириш Регистрация
23/12 00:45 Монца 1-2 Ювентус
23/12 01:00 Бетис 1-1 Райо Вальекано
23/12 22:30 Фиорентина - Удинезе
24/12 00:45 Интер - Комо

Қаҳрамон Асланов: "Барчаси сценарийга боғлиқ"

Баҳо:
+1 | -

Энди эътиборингизга, сайт журналисти Қаҳрамон Аслановнинг эртанги ўйин борасидаги фикрларини ҳавола қиламиз:

Эртага мағлубиятга учрашимиз ҳам, дуранг ўйнашимиз ҳам, ғалаба қозонишимиз ҳам мумкин. Бу натижаларинг ҳар бири ўзига яраша мантиқий ҳисоб бўлади. Сабаби, бугунги Жанубий Корея ва бугунги Ўзбекистон терма жамоалари савиясида катта фарқ йўқ, барчасини ўйиндаги воқеалар ривожи ҳал қилади, деб ўйлайман.

Эътирозлар табиий, Жанубий Кореяда айтайлик. Бундеслига иштирокчилари бор масалан. Аммо бу ҳеч нарсани англатмайди, юлдуз футболчи жамоадошлари фонида қандай кўрина олиши жуда муҳим. Сен Хон Мин "Ҳамбург"даги шериклари Рундев, ван дер Ваартлар билан бошқа савияда, МТЖ даги шериклари билан эса умуман бошқа савияда ўйин намойиш қилиши мумкин. Узоққа бормайлик, Максим Шацких терма жамоамиздан кўра, "Динамо"даги кучлироқ ўйнаган. Кўпчилик бу ҳолатни Максим термада жон кучдирмаслиги билан боғлаган бўлса-да, аслида мана шу муҳим сабаб ҳам бор. Терма жамоамиз савияси "Динамо"нинг баъзи футболчиларичалик баланд бўлмаган.Жепаров "Ҳамбург" таркибига кира олишига ишонмайман, аммо эртанги тўқнашувда у Сен Хон Миндан фойдалироқ бўлиши мумкинлигига умид қилишим нотўғри эмас.     
Корея ўйин услуби мана бундай, уларга қарши мана бундай ўйнаш керак, мана бу таркиб тушиши керак, деган гаплар ҳам ўринли, лекин яхшиси, буни мураббийга қўйиб берганимиз маъқул. Кимга қарши қандай ўйнаш кераклигини билиш қийин иш эмас, энг асосийси буни бажариш. Билиш билан бажариш орасида қандай фарқ бор, биласизми? Салоҳият! Мен агар ҳар бир сакраганда уч метрга қадам ташлай олсам, Усейн Болтни ортда қолдираман. Буни жуда яхши биламан. Аммо уч метрли қадам ташлай олмайман. Айтмоқчиманки, бу ердан туриб, мана бунақа ўйнайлик, мана бу футболчи тушсин, дейишдан олдин, биз билмайдиган асосий жиҳат: таркибимизнинг ҳақиқий аҳволи ҳақида маълумотга эга эмаслигимизни назарда тутмоқ лозим.

Биринчи вазифа, эртанги ўйин учун оптимал таркибни топа олиш бўлса, иккинчиси, ўша белгиланган мақсадни майдонда бажариш. Футбол енгил атлетика эмаски, машғулотларда ҳам бирор натижага эришиб, худди шу натижа орқали эртасига муваффақият қозониш мумкинлигини олдиндан билсак. Футболда майдонда бир ўзимиз ҳаракат қилмаймиз, у ерда корейслар ҳам бўлади, демак, ўйин сценарийси ўйин натижасига таъсир қиладиган энг муҳим омилдир.

Қачон ҳисоб очилади? Қачонгача ҳисоб очилмайди? Биринчи зарбани Нестеров қайтарадими ёки йўқми? Қайсидир тўп узатма аниқ етиб борадими ёки ёмғирда тўхтаб қоладими? Ким биринчи хато қилади? Ким жароҳат олади? Умуман бунга ўхшаш барча саволларнинг жавоби навбати билан кейинги эпизодни ҳам ҳал қилиб бораверади. Масалан, иккинчи тайм ўрталарида Улуғбек Бақоевнинг вазиятдан фойдалана олмаслигига саба қилиб, биринчи таймдаги бошқа бир вазият ёки айнан ўша пайтда таблодапорлаб турган ҳисоб ҳам катта таъсир ўтказади. Босимни енга олмаслик, совуққонликни енга олмаслик домо ҳам савиясизликдан дарак бўла олмайди. Ҳатто Европанинг топ клубларида ҳам, агар ҳисобда орқада боришса, мағлубиятга учрашдан қўрқишса, совуққонликни йўқотиб қўйишлари ва импровизация ёки ностандарт қарорлардан воз кечишлари, тўп йўқотишдан қўрқиб, иложи борича содда қарор чиқаришларига тўғри келади, бу эса натижага путур етказиши мумкин. Демак ўйиннинг қандай бошланиши жуда муҳим, умуман терма жамоамиз характери ташаббус у рақибдан бу рақибга ўтиб турадиган сценарий учун кўпинча тайёр бўлмайди. Статистикага қарашимиз мумкин, биз кўпинча, ўйинни қандай бошлаган бўлсак, шундай тугатганмиз.

Учинчидан вазифа эса, мураббийларнинг ўйин пайтида ўзини қандай кўрсатиши, ўйин сценарийсига таъсир ўтказа олишидир. Бу фактор ҳам эртага жуда муҳим бўлади. Сабаби, дуранг ҳисоби мезбонларни қониқтирмаслиги табиий. Улар учун дуранг билан мағлубият деярли тенг натижа, чунки ҳар икки ҳолатда ҳам Эронни ютиш учун майдонга тушишларига тўғри келади  Биз учун эса бу унчалик ёмон ҳисоб эмас. Аммо ўша ўйин бошидаги картинани сақлаб қолиш учун ҳам ўйинчи алмаштиришлар жуда катта аҳамият касб этади. Корея вақт ўтган сари кучайиб бориши шубҳасиз, буни биз Қатар ва Ливан билан ўйинларда кўрдик. Айниқса Ливанда. Гол сўнгги дақиқаларгача қолиб кетгани, корейсларнинг ёмон ўйнаганликлари туфайли эмас, Ливаннинг омади келгани билан кўпроқ боғлиқ. Демак Корея вақт ўтган сари босимни ва тажовузни кучайтириб боради. Имкон қадар ҳужумкорликни оширади, турли ўзгаришлар билан ҳужумчилар сонини кўпайтиради ва ҳоказо. Айнан шу ҳолатга тайёр туришимиз, яъни Корея билан мос тарзда, биз ҳам кучайиб боришимиз керак. Имкон қадар зич ўйнашимиз ва тўпни назорат қилишга ҳаракат керак бўлади. Чунки, Корея ҳар тўп йўқотганда қайтариб олиш учун қанчадир вақт сарфлаши керак, бу эса, уларни ҳам эхтиёткор бўлишга, тўпни авайлашга мажбур қилади, импровизация ва ностандартликдан қайтаради. Бу бизга айни муддао.

Агар узун паслар орқали ўйнашга ҳаракат қилсак, Ливанга ўхшаб тўпни узоқлаштириш учун тепиб юбораверасак, Корея тўпни эгаллаш учун кўп вақт ва куч сарф этмайди, натижада, ҳар бир ҳужумда ҳар хил усулларни синаб кўришга имкон яратиб берган бўламиз. Яъни тўпни авайлашимиз орқали, уларни ҳам уни авайлашга мажбур қилишимиз керак. Тўпни авайлаган, уни йўқотишдан қўрққан жамоа эса ҳужумда бор имкониятини ишга сола олмайди. 

Хуллас, эртанги ўйинда энг асосийси, ўйин сценарийсини ўз қўлимизда ушлаб туришимиз ва мураббий кўрсатмаларини бажара олишимиздир. Мураббийларга ишонаман, футболчилар эса бажара олишларига умид билдираман.        

Манба: www.stadion.uz.
Киритилди: 14:42, 10.06.2013.
Ўқилди: 6440 марта.
Фикрлар: 42 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.