Хабарингиз бор, бир неча кун олдин “Андижон” мураббийлар штабига сербиялик мутахассис Бранко Чирич қўшилди.
У жисмоний тайёргарлик бўйича ишлайди ва Самвел Бабаяннинг мураббийлар штабидан ўрин олди.
Клуб матбуот хизмати Чирич билан суҳбатлашди.
- “Андижон” таклифни қабул қилишингизга нима туртки берди?
- “Андижон”дан келган таклиф менга профессионал нуқтаи назардан жуда қизиқ туюлди. Клуб катта мақсадларга эга. Ишлаш учун яхши шароитлар яратилган ва ривожланишга интилиш ҳам катта. Бу ердаги лойиҳалар менга маъқул ва жамоанинг муваффақиятларига ўз ҳиссамни қўша олишимга ишонаман.
- Футболчиларнинг жисмоний тайёргарлиги жуда муҳим. Айтинг-чи, футболчилар қачон сиз ўйлаган даражага чиқадилар?
- Жисмоний тайёргарлик - вақт ҳамда тизимли меҳнат талаб қиладиган жараёндир. Биз аллақачон ижобий ўзгаришларни кўряпмиз. Аммо энг юқори даражага мавсум давомида босқичма-босқич етиб борамиз. Энг муҳими, барқарорлик, интизом ва тўғри юклама.
- “Андижон” клуби ҳақида аввал қандай маълумотга эга бўлгансиз?
- Мен “Андижон”ни ўз тарихига, садоқатли мухлисларига ва анъаналарга эга клуб сифатида билардим. Шунингдек, жамоанинг юқори ўринлар учун курашиш ҳамда замонавий футболни ривожлантиришга бўлган интилишидан ҳам хабардор эдим.
- Сиз “Астана” билан совринларни қўлга киритишда муҳим рол ўйнагансиз. Футболчилар яхши жисмоний формада эди. “Андижон”да ҳам мақсадлар катта ва голлар жуда муҳим...
- Жисмоний тайёргарлик ўйин сифатига, интенсивликка ва натижадорликка тўғридан-тўғри таъсир қилади. Футболчилар жисмонан яхши тайёр бўлса юқори суръатда ўйнай олади. Кўпроқ голли вазиятлар яратилади ва кўпроқ голлар уришади. “Андижон”да ҳам жамоани кучли, чидамлик ҳамда рақобатбардош қилиш устида ишлаяпмиз.
- Жамоамиздаги фаолиятингизда муваффақият тилайман.
- Раҳмат.













