Кириш Регистрация
04/02 00:45 Болонья 0-3 Милан
05/02 13:00 Ироқ - Эрон
05/02 17:00 Индонезия - Япония

Отабек Боймуродов: «Ўйин услуби жиҳатидан Тибо Куртуа менга яқин, чунки у ҳам баланд бўйли»

Баҳо:
+ | -

Қишки  трансфер даврида "Сурхон" клуби сафига ўтган Отабек Боймуродов клуб матбуот хизматига интервью берди.

— Отабек, аввало «Сурхон» таклифи қандай пайдо бўлди ва нега айнан ушбу клубни танладингиз?
— Менга жамоа бош мураббийи Станислав Петрович қўнғироқ қилди. У менинг фаолиятим ривожи учун истиқболли деб ҳисоблаган лойиҳа ҳақида маълумот берди. Шунингдек, бу шаҳар мен учун бегона эмас — онам Сурхондарёда туғилиб, шу ерда вояга етган.

— Сиз мамлакатимиздаги энг яхши ёш дарвозабонлардан бири сифатида эътироф этилмоқдасиз. Шу билан бирга, «Сурхон» сафида ёш посбонлар — Дилшод Йўлдошев ва Даврон Мерганов ҳам бор. Рақобатга муносабатингиз қандай?
— Мен соғлом рақобатни ижобий қабул қиламан. Рақобат инсонни ҳар куни ўсишга ва ривожланишга ундайди. Дилшод ва Давронни яхши биламан, уларни ҳурмат қиламан — иккаласи ҳам кучли дарвозабонлар. Мен улардан ёшроқман, аммо бу катта аҳамиятга эга эмас. Ўйлайманки, бир-биримиздан кўп нарса ўрганамиз.

— Жамоадаги муҳит қандай ва кимлар билан тезроқ тил топишдингиз?
— Жамоада муҳит яхши. Йигитларнинг аксарияти билан аввалдан танишман, турли жамоаларда бирга ўйнаганмиз. Қолганлари билан ҳам танишиб олдим. Айни пайтда энг кўп Даврон Мерганов билан мулоқот қиламан.

— 2023 йилда сиз U-20 Осиё Кубоги чемпиони бўлдингиз ва мусобақанинг энг яхши дарвозабони деб топилдингиз. Асосий ютуқларингизга эришиб бўлдингиз, деб ҳисоблайсизми?
— Менимча, асосий ютуқлар ҳали олдинда. Осиё Кубоги — ўтган босқич. Энди олдинга интилиб, янги мақсадлар сари ҳаракат қилиш керак.

Шу билан бирга, Ўзбекистон футболида яратилаётган шароитларни ҳам кўриб турибмиз — янги майдонлар қурилмоқда, футболчилар учун имкониятлар кенгаймоқда. Бу эса меҳнат орқали катта натижаларга эришиш мумкинлигини кўрсатади. Энг муҳими — ўз устида ишлаш.

— Ушбу мавсумда клуб раҳбарияти жамоа олдига қандай вазифалар қўйган?
— Жамоамиз ёш, аммо салоҳияти юқори. Ҳар бир учрашувда ғалаба учун майдонга чиқамиз. «Сурхон»да ёш футболчиларга катта эътибор қаратилаётганини аввалдан билардим. Бу ҳам қароримга таъсир қилди. Қўйилган мақсадлар максимал даражада юқори.

— Қайси машҳур дарвозабоннинг ўйинини кузатишни ёқтирасиз?
— Аввало, Мануэль Нойернинг ўйинини кузатаман. У кўп йиллар давомида юқори даражани ушлаб келмоқда. Ўйин услуби жиҳатидан эса Тибо Куртуа менга яқин, чунки у ҳам баланд бўйли. Унинг ҳаракатларидан дарвозабон учун зарур жиҳатларни ўрганишга ҳаракат қиламан.

— «Сурхон» мухлисларига тилакларингиз?
— Ҳар бир ўйинда мухлисларни хурсанд қилишни истаймиз. Биз катта масъулиятни ҳис қиламиз, чунки бутун Сурхондарё биздан натижа кутади. Мухлисларнинг ишончи ва қўллаб-қувватлаши жуда муҳим. Ҳар бир учрашувда бор кучимизни сарфлашга ҳаракат қиламиз.

Манба: https://t.me/FCSURXON_OFFICIAL
Киритилди: 08:58, 16.01.2026.
Ўқилди: 971 марта.
Фикрлар: 0 та.

ЭНГ КЎП ЎҚИЛГАН ЯНГИЛИКЛАР

Асосий сахифа
© STADION.UZ
Гувоҳнома №0917. Берилган санаси: 02.12.2013. Муассис: «OSIYO KABEL» МЧЖ. Бош муҳаррир: Бўронов Олимхўжа Азимхўжа ўғли. Таҳририят манзили: 100057, Тошкент шаҳри, Уста Ширин 125. E-mail: admin@stadion.uz
Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. Сайт материалларидан тўлиқ ёки қисман фойдаланилганда веб-сайт манзили кўрсатилиши шарт.
Блогдаги материаллар учун блог эгаси, хабарлар остидаги фикрлар учун фойдаланувчининг ўзи жавобгар.