Япониялик ярим ҳимоячи Даити Камада мавсум якунида «Кристал Пэлас»ни тарк этади. Бу ҳақда Sky Sports нашри хабар бермоқда. 29 ёшли футболчининг шартномаси шу йилнинг ёзида ўз ниҳоясига етади.
Манбанинг маълумотига кўра, клуб янги келишув бўйича музокаралар олиб бормаяпти.
Футболчи 2024 йилда мураббий Оливер Гласнернинг ташаббуси билан «бургутлар» сафига эркин агент сифатида келиб қўшилган эди. Аввалроқ улар Франкфуртнинг «Айнтрахт» клубида биргаликда Европа Лигасида зафар қучишган. 2025 йилда эса Камада «Кристал Пэлас» билан Англия Кубоги соҳибига айланди.
Жорий мавсумда футболчи 24 та ўйинда майдонга тушиб, 2 та голли узатмани амалга оширди ва 2 та огоҳлантириш олди. Transfermarkt портали Камаданинг бозор қийматини 12 миллион еврога баҳоламоқда.













