“Қўқон-1912” – “Андижон” (0:0) учрашувидан кейин ташкил этилган матбуот анжуманининг иккинчи қисмида мезбонлар устози Андрей Шипилов қатнашди.
— Жуда қийин бўлди. 8 та тур учрашувларини ҳисобга олсак, энг қийинларидан бири бўлди. Албатта, учрашувга максимал даражада тайёргарлик кўргандик. Ечиниш хонасида ҳеч қайси футболчига алоҳида эътирозим йўқлигини таъкидлаб ўтдим. Учрашув давомида яхши ҳаракат қилдик ва футболчиларим ғалаба учун курашишди. Бизга бироз омад ҳам етишмади. Маълумки, “Андижон” ҳам бу ерга ғалаба қозониш учун келганди. Улар ҳам ғалаба учун курашишди. Жамоа қора йўлакчада эди. Янги мураббий келди ва жамоада аста-секин ҳаммаси яхши бўлиб кетади. Жиззах ва Андижон билан учрашувларда шундай вазиятга тушдик. Бу ўйингача узоқ сафарни босиб келгандик. Рақибимиз биздан кўра икки кун кўпроқ дам олди. Биз энди Навоийга кетамиз. Бир кун бўлса ҳам дам олишга кўпроқ вақтимиз бўлганида эди, кўп нарсани режалаштирган бўлардик. Бу вақт давомида бизда касалликлар бўлмади. Фарҳод Соҳибжоновни майдонга туширмадик. Аммо ўзим уни ўйнатишни жуда хоҳлагандим. “Андижон”нинг ўйинчилар алмаштиришларидан келиб чиқиб, биз ҳам бу вазиятдан кейин ўзгаришлар қилдик. Натижа ҳаққоний бўлди. “Андижон” ҳам ёмон ҳаракат қилмади. Ҳужумлар уюштирди, бизни хато қилишимизни кутди. Жарима зарбалари, бурчак тўпларидан кескин ҳужумлар қилишга ҳаракат қилишди. Уларни ҳам тўғри тушунаман ва ҳеч кимни алоҳида муҳокама қилмайман. Яхшиямки, бу учрашувда ортиқча ҳолатлар бўлмади, VARга мурожаат қилинмади. Бизга нимадир етишмади. Лекин футболчилар мотивация билан тўп суришди. Улар вазиятни тўғри тушуниб туришганди.
— Ўйинни иккита номинал ҳужумчи билан бошлаш имкони йўқмиди?
— Нимели “Хоразм” билан учрашувда яхши ҳаракат қилди. Жамоамизнинг ички ҳолатини ОАВ орқали гапира олмайман. Бугун Тома Табатадзега ҳам имконият бердик. Ротациялар қилиб, Жавоҳирни майдонга туширишга қарор қилдик. Бир қатор ўзгаришларга қўл урдик ва бундан мақсад ҳужумкорликни ошириш эди.













