«Барселона» бош мураббийи Ханси Флик Ла Лига доирасидаги «Сельта»га қарши учрашув олдидан ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Немис мутахассиси рақибнинг мослашувчанлиги ва ўйин услубига юқори баҳо берди.
«Мен уларнинг ўйинларини диққат билан кузатиб бордим. Бу ердаги фаолиятим давомида «Сельта»га қарши уч бор майдонга тушдик ва ҳар бир баҳс биз учун жуда қийин кечди. Улар вазиятга жуда яхши мослаша олишади ва эртага ҳам шундай бўлишига шубҳам йўқ», — деди Флик.
Шунингдек, мураббий жамоаси фақат ғалаба учун майдонга тушишини, бироқ бу осон бўлмаслигини таъкидлади:
«Ғалаба қозонишни истаймиз, аммо бунинг учун энг яхши ўйинимизни намойиш этишимиз керак. Рақиб таркибида ўйинни назорат қила оладиган иқтидорли футболчилар бор. Биз ўз услубимизни намойиш этишимиз лозим».













