Миржалол Қосимов бош мураббийлигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси Иорданияга қарши ЖЧ-2014 саралаш плей-офф учрашувларига тайёргарлик кўриш мақсадида 28 август куни Тошкентда йиғинга киришди.
Миржалол Қосимов бошчилигидаги Ўзбекистон миллий терма жамоаси 28 август куни Тошкентда навбатдаги ўқув-машғулот йиғинини бошлади. 6-10 сентябрь кунлари Иордания миллий терма жамоасига қарши бўлиб ўтадиган ўйинлар олдидан сўнгги тайёргарлик вазифасини ўтайдиган мазкур йиғин 4 сентябрь кунигача давом этади. Айни дамда миллий терма жамоа Ўзбекистон Чемпионатида тўп сураётган маҳаллий футболчилар билан йиғинга киришган. Ҳориж чемпионатларида тўп сураётган миллий терма жамоа футболчилари эса, 1 сентябрь кунида йиғинга қўшиладилар. Миллий терма жамоанинг Тошкентдаги йиғинига чақиртирилган футболчилари рўйхати кейнироқ эълон қилинади.
Таъкидлаш жоиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси дарвозабони Игнатий Нестеров, ҳамда миллий терма жамоа ҳимоячиси Шохруҳ Гадоевлар, жароҳати туфайли Иордания терма жамоасига қарши кечадиган плей-офф учрашувларини ўтказиб юборадилар.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон миллий терма жамоаси 6 ҳамда 10 сентябрь кунлари ЖЧ-2014 саралаши плей-офф босқичида Иордания миллий терма жамоасига қарши майдонга тушади. Дастлабки ўйин 6 сентябрь куни Иордания пойтахти Амман шаҳрида бўлиб ўтса, жавоб учрашувига 10 сентябрь куни Тошкент мезбонлик қилади.