Лондоннинг «Арсенал» клуби ҳужумчиси Виктор Дьёкереш Чемпионлар лигаси ярим финали доирасидаги «Атлетико»га қарши дастлабки баҳсда (1:1) яна бир бор ўзининг совуққонлигини намойиш этди. Швед футболчиси 44-дақиқада 11 метрлик жарима зарбасини бехато амалга ошириб, ҳисобни очди.
Opta статистика порталининг қайд этишича, Дьёкереш клуб ва терма жамоа миқёсида ижро этган сўнгги 27 та пенальтининг барчасини голга айлантирган. Унинг ушбу ҳайратланарли серияси бундан икки йил аввал — 2024 йилнинг март ойида, футболчи ҳали Лиссабоннинг «Спортинг» клуби шарафини ҳимоя қилаётган кезларда бошланган эди.
Шу тариқа, 27 ёшли форвард икки йилдан бери 11 метрлик нуқтада хато нималигини билмай келмоқда. Бироқ унинг голи «канонирлар»га Мадридда ғалаба қозониш учун кифоя қилмади. 56-дақиқада «матрасчилар» ҳужумчиси Хулиан Альварес ҳам пенальтидан унумли фойдаланиб, мувозанатни тиклади.













