Винисиус Жуниор ҳамда «Реал Мадрид» ўртасида шартномани узайтириш бўйича музокаралар боши берк кўчага кириб қолди. Onda Cero хабарига кўра, футболчининг атрофидагилар мадридликлар билан мулоқотни вақтинча тўхтатган.
Манба маълумотига кўра, «Реал Мадрид» футболчининг барча талабларини бажариш ниятида эмас. Аввалроқ Винисиус Жуниор клубдан маошини оширишни талаб қилаётгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Бироқ клуб позицияси қатъийлигича қолмоқда: раҳбарият алоҳида футболчиларга ён босишни истамаяпти ва ҳеч кимни жамоада мажбурлаб ёки пул билан ушлаб қолиш ниятида эмас.
Шунингдек, «Реал Мадрид» раҳбарияти Винисиус Жуниор томонидан тарқалаётган маълумотлар сизиб чиқишидан ҳайратда экани айтилмоқда. Бу ҳолат клуб президенти Флорентино Переснинг норозилигига сабаб бўлган.













