«Арсенал»нинг собиқ футболчиси Пол Мерсон келаси мавсумда «Ливерпуль» АПЛ турнир жадвалида «Манчестер Юнайтед»ни ортда қолдиришига ишончи комил.
Жорий мавсумда «манкунианликлар» АПЛда учинчи ўринда боришмоқда ва «мерсисайдликлар»дан олти очко олдинда.
«Ливерпуль»да кўп нарса содир бўлди. Юз берган воқеалар туфайли уларга чин дилдан ачинаман. Шунингдек, уларда жароҳатлар ҳам кўп бўлди.
Келаси мавсумда «Ливерпуль» «Манчестер Юнайтед»дан юқорироқ ўринни эгаллайди. Бу ҳали ёзги трансферлар ойнасида нималар бўлишини ҳисобга олмагандаги тахмин.
Нима учун? «Манчестер Юнайтед»нинг кўплаб футболчилари яхши мавсум ўтказишди, «Ливерпуль»да эса Доминик Собослаидан ташқари деярли ҳеч ким бундай натижа кўрсата олмади. Агар «Манчестер Юнайтед»га қарасак, бу мавсумда олти ёки етти нафар ўйинчи ўртача даражадан анча юқори ўйин намойиш этди.
Александер Исак ўз формасига қайтади. Флориан Виртц АПЛдаги биринчи мавсумини ўтказди. Ишончим комилки, «Ливерпуль» «Манчестер Юнайтед»дан юқорида бўлади», – деди Пол Мерсон.













