«Реал» ва Франция терма жамоаси ҳужумчиси Килиан Мбаппе юлдузлик мақоми билан боғлиқ масъулият ҳақида фикр билдирди.
«Оптимист бўлишга ҳаракат қиламан. Ҳаммаси жойида. Албатта, баъзан қийин бўлади, чунки ўзингга эмас, балки бутун дунёга тегишлидек туйғу пайдо бўлади. Аммо шу билан бирга, биз бундай ҳаётни ўзимиз танлаганмиз. Балки бу даражада бўлишини кутмагандирмиз, лекин барибир танлов ўзимиздан бўлган. Биз мажбуриятларни ўз зиммамизга олганмиз. Миллионлаб одамлар ўз миннатдорчилиги, эътирофи ва меҳрини изҳор қилаётган бир пайтда, фақат салбий жиҳатларга эътибор қаратиш қийин. Шунинг учун, қайсидир маънода нолиш — ношукурлик деб ҳисоблайман.
Мен ҳар доим ҳам вазиятни тўғри бошқара олмаганман. Жуда ёшлигимда машҳур бўлиб кетдим. Шу сабабли баъзида бошқа одамларнинг ўрнига ўзимни қўйиб кўриш учун етарлича тажриба ёки эмпатия етишмасди. Айрим инсонлар мени биринчи ва охирги марта кўришаётганини, кейин эса фақат телевизор орқали кузатишларини тушуниш учун мулоҳаза керак эди. Шунинг учун ҳозир, гарчи одамлар баъзан рухсат этилган чегаралардан чиқиб кетишса-да, кўпроқ тушунишга ҳаракат қиламан», — деди Мбаппе.













