Дортмунднинг «Боруссия» клуби ҳужумкор ярим ҳимоячиси Юлиан Брандт фаолиятини Испания Ла Лигасида давом эттириши мумкин. Журналист Экрем Конурнинг хабар беришича, айни дамда 30 ёшли футболчи учун курашда Мадриднинг «Атлетико» клуби пешқадамлик қилмоқда.
Брандтнинг «асаларилар» билан шартномаси жорий мавсум якунида ўз ниҳоясига етади. Бу эса мадридликларга тажрибали футболчини текинга, эркин агент сифатида қўлга киритиш имконини беради. Юлианга шунингдек, Лондоннинг «Арсенал», Италиянинг «Рома» ва Туркиянинг «Фенербахче» клублари ҳам қизиқиш билдирмоқда.
Маълумот учун, Брандт «Боруссия» сафида жами 306 та ўйин ўтказиб, 57 та гол ва 70 та голли узатмага муаллифлик қилган.
«Матрасчилар» германиялик футболчини жамоа етакчиси Антуан Гризманн ўрнига муносиб ўринбосар деб ҳисобламоқда. Эслатиб ўтамиз, Гризманн ёзда МЛСнинг «Орландо Сити» клубига кўчиб ўтиши кутилмоқда.













