«Ювентус» марказий ҳимоячиси Глейсон Бремер — бўлажак ёзги трансфер ойнасида сотилиши мумкин бўлган номзодлардан бири бўлиб турибди.
Бразилиялик футболчи тўп билан муомала қилишда бош мураббий Лучано Спаллеттининг айрим талабларига жавоб бермаслиги тахмин қилинмоқда, шунингдек, ўйинчининг жисмоний ҳолати ҳам шубҳа уйғотмоқда. Журналист Гуидо Вачьяджонинг хабар беришича, 29 ёшли футболчининг тез орада жамоани тарк этиш эҳтимоли тахминан 50 фоизни ташкил этади. Агар яхши таклиф тушса, «кекса синьора» уни сотишни мамнуният билан маъқуллайди.
Бремернинг туринликлар билан амалдаги шартномаси 2029 йилгача мўлжалланган, унинг бозор қиймати эса Transfermarkt экспертлари томонидан 35 миллион еврога баҳоланмоқда.













