«Сантос» ҳужумчиси Неймар Бразилия терма жамоаси таркибида 2026 йилги Жаҳон чемпионатига бориш имконияти ҳақида гапирди.
«Анчелотти — бош мураббий ва менинг жамоадан жой олишга лойиқ ёки лойиқ эмаслигимни айнан у ҳал қилади. Мен доим айтганман: Жаҳон чемпионатида ўйнаш — менинг энг асосий мақсадим. Бунинг учун жуда кўп меҳнат қилдим. Агар қайдномага киритилмасам ҳам, барибир Бразилия терма жамоасини оддий мухлис сифатида қўллаб-қувватлайвераман», — дея Неймарнинг сўзларини келтирмоқда Globo нашри.
Неймар Бразилия терма жамоаси тарихидаги энг яхши тўпурар ҳисобланади — унинг ҳисобида 79 та гол мавжуд. Аввалроқ 34 ёшли футболчи 11 июндан 19 июлгача АҚШ, Канада ва Мексикада бўлиб ўтадиган турнирда иштирок этиш учун номзодларнинг кенгайтирилган рўйхатига киритилгани ҳақида хабарлар тарқалган эди.
Жаҳон чемпионатининг гуруҳ босқичида Карло Анчелотти қўл остидаги Бразилия терма жамоаси Марокаш, Гаити ва Шотландия терма жамоаларига қарши майдонга тушади.













