Якшанба оқшомида АПЛда жон сақлаб қолиш учун курашаётган «Вест Хэм» ва «Тоттенхэм» жамоалари учун ўта муҳим ўйин бўлиб ўтди. Премьер-лиганинг 37-тури доирасида лигадаги ўрнини аллақачон нақд қилган «Ньюкасл» ўз майдонида «Вест Хэм»ни қабул қилди ва «болғачилар» устидан ишончли ғалабага эришди — 3:1.
Ушбу мағлубиятдан сўнг 18-ўринда бораётган «Вест Хэм» ва хавфли ҳудуддан юқоридаги «Тоттенхэм» ўртасидаги фарқ сақланиб қолди — жамоалар ҳисобида мос равишда 36 ва 38 очко мавжуд. Энди «Тоттенхэм» сешанба куни 37-турнинг қолдирилган баҳсида сафарда «Челси»ни мағлуб этса, кейинги мавсум учун АПЛдаги ўрнини расман нақд қилади.
Агар «шпорлар» дуранг ўйнашса, уларда ҳали ҳам назарий жиҳатдан лигадан чиқиб кетиш хавфи қолади, бироқ икки жамоа ўртасидаги тўплар нисбатидаги фарқ жуда катта ва у «Тоттенхэм» фойдасига ҳал бўлган. Шунингдек, «Вест Хэм» жон сақлаб қолиши учун «Тоттенхэм» қолган икки ўйинда («Челси» ва «Астон Вилла»га қарши) мағлуб бўлиши, «болғачилар» эса сўнгги 38-турда «Лидс»ни мағлуб этишлари шарт бўлади.













