Бразилия терма жамоаси ва «Ливерпуль» дарвозабони Алиссон Бекер, агар Турин жамоаси жорий мавсум якунларига кўра Чемпионлар лигасига йўлланма ололмаса ҳам, «Ювентус»га ўтишга тайёр. Бу ҳақда La Gazzetta dello Sport нашри хабар бермоқда.
Нашр маълумотларига кўра, «Ювентус»нинг А Серия турнир жадвалидаги вазиятига қарамай, бразилиялик посбоннинг атрофидагилар унинг туринликлар сафинда тўп суриш истаги борлигини тасдиқлашган.
Италия чемпионати мавсуми тугашига бир тур қолганда Лучано Спаллетти жамоаси 68 очко жамғарган ҳолда турнир жадвалида олтинчи ўринни эгаллаб турибди. Бешинчи поғонадан эса худди шундай 68 очко билан «Комо» жой олган. «Рома» ва «Милан» 70 тадан очко билан тегишли равишда тўртинчи ва учинчи ўринларни банд этишган.
Жорий мавсумда Алисон Бекер клуб сафида барча турнирларда 34 та учрашувда майдонга тушиб, ўз дарвозасидан 36 та гол ўтказиб юборди ва 13 та ўйинда дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди. Transfermarkt порталининг баҳосига кўра, 33 ёшли голкипернинг бозор қиймати 17 миллион еврони ташкил этади.













