Унаи Эмери яна бир бор Европа лигасидаги ғалабани нишонлади — бу сафар «Астон Вилла» клуби билан. Бирмингемликлар чоршанба куни бўлиб ўтган финал учрашувида «Фрайбург» жамоасини мағлуб этишди (3:0).
Squawka таҳлилий порталининг қайд этишича, испаниялик мутахассис камида учта турли жамоа билан еврокубокларда ғолиб чиққан тарихдаги тўртинчи мураббийга айланди.
Бунгача бундай натижани фақат Жозе Моуриньо («Порту», «Интер», «Манчестер Юнайтед» ва «Рома»), Рафаэль Бенитес («Валенсия», «Ливерпуль» ва «Челси») ҳамда Удо Латтек («Бавария», Мёнхенгладбахнинг «Боруссия»си ва «Барселона») қайд этишган эди. Эслатиб ўтамиз, Эмери бундан аввал «Севилья» билан уч марта ва «Вильярреал» билан бир марта Европа лигасида зафар қучган. Ушбу мутахассис нуфузи жиҳатидан иккинчи ўринда турувчи еврокубокда энг кўп ғалаба қозониш бўйича мутлақ рекордчи ҳисобланади.













