«Кристал Пэлас» ёзги трансферлар ойнаси очилиши арафасида «Манчестер Юнайтед» вингери Жейдон Санчони ўз сафига қўшиб олишни режалаштирмоқда. Бу ҳақда Sports Boom хабар берди.
Манбага кўра, Санчонинг «Манчестер Юнайтед» билан амалдаги шартномаси шу ёзда ўз ниҳоясига етади, бироқ футболчи ҳалигача янги таклиф олмаган. Ўтган мавсумни ижара асосида «Астон Вилла» таркибида ўтказган (39 та ўйин, 1 та гол ва 3 та голли узатма) Санчо ўз фаолиятини ушбу клубда давом эттиришни истайди. Аммо ҳозирча унинг келажаги мавҳумлигича қолмоқда.
Потенциал харидорлар учун асосий муаммо футболчининг маоши бўлиши мумкин. У ҳафтасига тахминан 250 минг фунт стерлинг ишлаб топади, бу эса «Кристал Пэлас»нинг ҳозирги энг кўп маош олувчи етакчилариникидан сезиларли даражада юқори. Агар Санчо фаолиятини АПЛда давом эттирмоқчи бўлса, катта эҳтимол билан маошини сезиларли даражада қисқартиришга рози бўлишига тўғри келади.













