«Кристал Пэлас» бош мураббийи Оливер Гласнер клубдан кетиши олдидан ўз фикрларини билдириб ўтди.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 27 май куни Лейпцигдаги «Ред Булл Арена»да Конференциялар лигаси финали доирасида «Кристал Пэлас» (Англия) ва «Райо Вальекано» (Испания) жамоалари тўқнашуви бўлиб ўтади.
«Агар мен кетишимни эълон қилганимдан сўнг жамоа тушкунликка тушиб, ҳаракатдан тўхтаб қолганида, ўз ишимни мутлақо муваффақиятсиз деб ҳисоблаган бўлардим. Мен йигитларга доим бир гапни такрорлайман: "Сизлар мураббий учун ўйнамайсиз". Улар ўзлари, жамоа, мухлислар ва шарафини ҳимоя қилаётган клуб номи учун майдонга тушадилар. Агар Конференциялар лигаси кубогини қўлга киритсак, бу ерда қоладиган барча футболчилар ва мухлисларимиз учун катта бонус бўлади — жамоа келаси мавсумда еврокубокларда қатнашади. Шунинг учун улар майдонда нимаики қилишса, биринчи навбатда ўзлари ва клуб учун қилишади, мен учун эмас.
Финалдаги ғалаба идеал голливудча якун бўлган бўларди. Фильм кўрганда ёки китоб ўқиганда доим бахтли якунни кутасиз. Икки йилликдан ортиқ давом этган саёҳатни яна бир соврин билан якунлаш, устига-устак бу кубок «Кристал Пэлас» тарихидаги илк еврокубок бўлиши — бу шунчаки ақл бовар қилмас воқеа бўларди», — дея Гласнернинг сўзларини келтирди УЕФА расмий сайти.













