«Барселона» «Манчестер Сити» ярим ҳимоячиси Бернарду Силвани ўз сафига қўшиб олишга яқин турибди. «TV3» маълумотларига кўра, каталониялик клуб португалиялик футболчининг агенти Жорже Мендеш билан тўлиқ келишувга эришган ва жамоа бош мураббийи Ханс-Дитер Флик ушбу трансферни маъқуллаган.
«Манчестер Сити»дан кетганидан сўнг эркин агентга айланган Силва «Барселона» раҳбарияти томонидан катта харажатларсиз таркибни кучайтириш имконияти сифатида қаралмоқда. Футболчининг ўзи ҳам Ла Лигага ўтишдан манфаатдор.
Шунга қарамай, трансфер расмийлаштирилиши ҳозирча кечиктирилмоқда. Клубда битимни якунлаш учун аввал таркибдан жой бўшатиш ва мавжуд ўйинчилардан бирини сотиш орқали молиявий ҳолатни яхшилаш керак деб ҳисоблашмоқда. Манбага кўра, Силвани таркибга қўшиб олиш учун асосий шарт — Марк Касадо ёки Руни Барджининг жамоадан кетиши ҳисобланади.
«Барселона» айнан улардан бири кетгандан кейингина португалиялик хавбек трансферини расмийлаштиришни режалаштирмоқда. Айни дамда Барджини сотиш устувор вазифа деб билинмоқда, унга бир нечта клуб, хусусан, Амстердамнинг «Аякс» жамоаси жиддий қизиқиш билдирмоқда. Касадо билан боғлиқ вазият эса қийинроқ, чунки унга даъвогарлар сони кам. Таъкидланишича, ушбу ярим ҳимоячига энг аниқ қизиқиш «Монако» томонидан билдирилмоқда.













