«Манчестер Юнайтед» ярим ҳимоячиси Бруну Фернандеш жамоа бош мураббийи Майкл Каррик ҳақида ўз фикрлари билан ўртоқлашди. Каррик 2026 йилнинг январида Рубен Аморимнинг ўрнига вақтинчалик мураббий сифатида иш бошлаган эди. Кейинчалик клуб АПЛда мавсумни учинчи ўринда якунлади ва Каррик доимий шартномага эга бўлди.
«Менимча, у жамоага жуда ижобий энергия бағишлади. У ижобий кайфиятни сақлаб қолишга ҳаракат қилди, чунки биз мураббийлар алмашган даврда эдик, бу эса жамоа учун ҳар доим осон бўлмаган палладир», — дея португалиялик ярим ҳимоячининг сўзларини келтиради «ESPN».
«У келажакка оптимизм билан қарашга уринди, янги ғоялар ва ўйиннинг бошқача услубини олиб кирди. Бу ҳам муҳим эди, чунки бу ёндашув айрим футболчиларга ўзларини яна муҳим ўйинчи сифатида ҳис қилишга ва етакчи ролларга чиқишга ёрдам берди».
«Ҳаммаси яхши кечмоқда ва натижалар ҳам буни тасдиқлайди. Умид қиламизки, бундай руҳда давом эта оламиз».
Ўтган мавсумда Фернандеш 21 та голли узатмани амалга ошириб, АПЛда голли узатмалар бўйича рекорд ўрнатди.













