Хулиан Альвареснинг «Атлетико»дан «Барселона»га эҳтимолий трансфери ҳозирда футбол оламидаги энг кўп муҳокама қилинаётган мавзулардан бири бўлиб қолмоқда. Тарқалган маълумотларга кўра, аргентиналик футболчи ёзги трансфер ойнасида Каталония клубига ўтишни истамоқда ва бу ҳақда «матрасчилар»ни огоҳлантирган.
Мадрид клуби раҳбарияти эса ҳамон битимни рад этмоқда ва «кўк-анорранглилар» билан музокара олиб боришни истамаяпти. Журналист Фернандо Полонинг фикрича, агар футболчи бевосита бош мураббий Диего Симеонега мурожаат қилса, вазият ижобий томонга ўзгариши мумкин.
«Ўйлайманки, Хулиан Диего Симеоне олдига бориб: «Эшит, мен ўзимни энди «Атлетико»да кўрмаяпман, мени қўйиб юбор», деса, ҳаммаси ҳал бўлади. Менимча, Чоло (Симеоне), ҳар қандай бошқа мураббий каби, жамоада бахтсиз бўлган ва кетишни истаган ўйинчини олиб қолишни хоҳламайди», — деди «Mundo Deportivo» нашри вакили.
Миш-мишларга кўра, «Атлетико» Альваресни «Барселона»га 100 миллион евро эвазига сотишдан бош тортган.













