Мюнхеннинг «Бавария» клуби дарвозабон Даниэль Перецни «Саутгемптон»га сотди.
Аввалроқ, ижара муддати якунлангач, футболчини тахминан 8 миллион евро эвазига тўлиқ сотиб олиш имконияти мавжудлиги ҳақида хабар берилган эди.
«Саутгемптон» клуби мюнхенликлар дарвозабони Даниэль Перецнинг 4 йиллик шартнома асосида жамоамизга доимий равишда кўчиб ўтганини эълон қилишдан мамнун.
25 ёшли голкипер январь ойида немис клубидан ижара асосида келганидан сўнг, бизнинг сафимизда муваффақиятли даврни ўтказди. У «авлиёлар»нинг мудофаа чизиғи кўрсаткичлари яхшиланишига катта ҳисса қўшди ва Тонда Экерт жамоасининг Чемпионшипдаги 21 та ўйиндан иборат мағлубиятсиз сериясини қайд этишида муҳим рол ўйнади.
Перец ушбу мағлубиятсиз сериянинг ҳар бир дақиқасида майдонда ҳаракат қилди ва 8 та учрашувда ўз дарвозаси дахлсизлигини сақлаб қолди (қуруқ ўйин ўтказди). Шунингдек, «авлиёлар» Англия Кубоги ярим финалига қадар етиб борган босқичларда, Премьер-лига вакиллари — «Фулхэм», «Арсенал» ва «Манчестер Сити»га қарши баҳсларда ҳам унутилмас ўйинлар намойиш этди.
Ўз фаолиятини Тель-Авивнинг «Маккаби» клубида бошлаган ва у ерда 100 дан ортиқ учрашув ўтказган Перец, «Бавария» сафида Мануэль Нойернинг дублёри сифатида 7 та ўйинда майдонга тушган эди.
Якунланган мавсумнинг ўртасида жамоамизга келиб қўшилган посбон «Саутгемптон» сафида барча мусобақаларда жами 26 та учрашувда қатнашди. У Чемпионшипнинг тиғиз ва оғир графигига жуда тез мослаша олди ва мазкур баҳсларнинг фақатгина 2 тасида мағлубият аламини тортди холос», — дейилади «Саутгемптон» клубининг расмий сайтида.













