Мюнхеннинг «Бавария» клуби ва Германия терма жамоаси ярим ҳимоячиси Ленарт Карл жароҳат туфайли 2026 йилги Жаҳон чемпионатини ўтказиб юборишини маълум қилди.
— Қаердан бошлашни ҳам билмайман. Мен учун энг муҳим мусобақани ўтказиб юбориш жуда оғир. Жаҳон чемпионатига тайёр ҳолатда етиб бориш учун қўлимдан келган барча ишни қилдим. Афсуски, жароҳатлар кўпинча энг ноқулай пайтда содир бўлади.
Жамоамга муваффақият тилайман ва албатта ҳар дақиқа уларни қўллаб-қувватлайман. Мен янада кучлироқ бўлиб қайтаман — буни ваъда қиламан. Қўллаб-қувватлов сўзлари учун раҳмат. Омад, Германия терма жамоаси! — деб ёзди Карл ижтимоий тармоқдаги саҳифасида.
Аввалроқ 18 ёшли футболчи машғулотлардан бирида жароҳат олгани ҳақида Германия терма жамоаси бош мураббийи Юлиан Нагельсман маълум қилган эди. Кейинчалик Карлда мушак толасининг узилиши аниқлангани хабар берилди.
Шу сабабли ярим ҳимоячи Жаҳон чемпионатига қадар тикланишга улгурмайди. Германия терма жамоаси қайдномасида унинг ўрнини «РБ Лейпциг» футболчиси Ассан Уэдраого эгаллайди.













