Испаниянинг «Севилья» клуби Москванинг «Спартак» жамоаси ҳужумчиси Манфред Угальдега кўз тикмоқда. Бу ҳақда OrgulloBiri хабар бермоқда.
Хорижлик манбанинг маълумотларига кўра, Испания клуби 24 ёшли коста-рикалик футболчини сотиб олишга жиддий қизиқиш билдирмоқда. Бироқ, Угальде учун 15-20 миллион евро олмоқчи бўлган «Спартак»нинг юқори молиявий талаблари бунга тўсқинлик қилмоқда.
Таъкидланишича, «Севилья» бунча маблағни тўлашга тайёр, аммо бутун суммани бир йўла эмас, бўлиб-бўлиб тўламоқчи. Бундай схема эса барча пулни бирданига олмоқчи бўлган «Спартак»ни қониқтирмаяпти.
«Севилья» Угальдени таркибни кучайтириш учун реал вариант деб ҳисоблайди, бироқ таваккалчиликка қўл урмоқчи эмас. Манбага кўра, трансфер фақатгина Испания клуби ўз футболчиларини сотишдан пул ишлаб топса ёки «Спартак» ён босишга рози бўлсагина амалга ошади, чунки Угальденинг ўзи Россияни тарк этишни хоҳламоқда.
2025/26 йилги мавсумда ҳужумчи барча турнирларда 38 та ўйинда майдонга тушиб, саккизта гол урди ва тўртта голли узатмани амалга оширди.













