Ярим ҳимоячи Андрей Сантос шу ёзда «Челси»ни тарк этиши мумкин.
Журналист Низар Кинселланинг берган маълумотларига кўра, бразилиялик футболчи шу ёзги трансфер ойнасида Лондон клубидан кетиш эҳтимолини инкор этмаяпти. «Кўклар» раҳбарияти ҳам худди шундай позицияда турибди. Бироқ «Челси» Сантосни жуда ҳурмат қилади, шу сабабли уни янги жамоа излашга мажбурламайди. Клуб уни фақат футболчининг ўзи раҳбариятга кетиш истагини билдирган тақдирдагина сотади.
Андрей Сантос 2023 йилда «Васко да Гама»дан 12 миллион евро эвазига «Челси»га ўтган эди. Унинг Лондон клуби билан шартномаси 2030 йилнинг 30 июнига қадар мўлжалланган. Бўлиб ўтган 2025/26 йилги мавсумда бразилиялик футболчи «кўклар» сафида барча турнирларда 43 та ўйинда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 3 та гол ва 4 та голли узатмани ёздириб қўйди.













