Сенегал терма жамоаси ва «Кристал Пэлас» клубининг ҳужумкор ярим ҳимоячиси Исмаила Сарр ёзги трансфер бозорида катта қизиқишлар марказида бўлиб турибди. Бу ҳақда Teamtalk журналистлари хабар бермоқда.
Манбанинг берган маълумотларига кўра, «Манчестер Юнайтед» футболчини ўз сафига қўшиб олишни жуда истамоқда. Бироқ Туриннинг «Ювентус» клуби «қизил иблислар»га халақит бериш ниятида. Сенегаллик футболчининг трансфер баҳоси 40 миллион еврога баҳоланмоқда. Унинг «бургутлар» билан амалдаги шартномаси 2030 йилнинг ёзига қадар мўлжалланган.
Якунланган Англия Премьер-лигаси мавсумида 28 ёшли ярим ҳимоячи 28 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига 9 та гол ва 1 та голли узатма ёздириб қўйишга муваффақ бўлди.













