«Галатасарой» футбол клуби ҳужумчи Мауро Икардининг жамоани тарк этганини расман эълон қилди. Аргентиналик форвард 2025/2026 йилги мавсумда турк клубининг сардори эди.
Клуб хайрлашув мурожаатида қуйидаги сўзларни ёзди:
«Азиз Мауро, бугун биз хайрлашув ҳақида эмас, сен қолдирган мерос ҳақида гапиряпмиз. Энди сен "Галатасарой" либосини киймасанг ҳам, қалбимиздаги ўрнинг ҳеч қачон ўзгармайди. Чунки шу йиллар давомида ҳар бир "Галатасарой" мухлисининг қалбида сенинг ўз тахтинг бор эди.
Сен урган голлар, ўрнатган рекордлар ва бошинг узра кўтарган совринлардан ташқари, "Галатасарой"га бўлган муҳаббатингни миллионлаб инсонларга улашдинг. Сен энди шунчаки клуб тарихига номи олтин ҳарфлар билан ёзилган футболчи эмассан — сен "Галатасарой"нинг унутилмас афсоналаридан бирига абадий айландинг.
Азиз сардор, сен бутун бир авлодни "Галатасарой" мухлисига айлантирдинг. Бугун болалар жамоамизга мухлислик қилишдан фахрланади ва бунингда сенинг ҳиссанг беқиёс.
"Галатасарой"нинг барча мухлислари билади: бундай муҳаббат ҳеч қачон унутилмайди».
33 ёшли аргентиналик футболчининг турк клуби билан тузган шартномаси 1 июль куни якунланди ва у эркин агентга айланди.
Икарди 2023 йилдан буён «Галатасарой» сафида тўп суриб, жамоа билан Туркия чемпиони унвонини тўрт марта қўлга киритди. Шунингдек, у мамлакат Кубоги ва Суперкубоги соҳиби ҳам бўлди.
Форвард «Галатасарой» сафида жами 134 та учрашувда майдонга тушиб, 77 та гол урди ва 25 та голли узатма амалга оширди.













