КХДРда футбол бўйича мамлакат Кубоги финал учрашуви натижаси бекор қилинди. Мусобақа ғолиби – «Сонбон» клуби совриндан маҳрум этилиб, олти ойга дисквалификация қилинди. Жамоанинг жазоланишига КХДР финал учрашувида «Сонбон» сафида тўп суриш ҳуқуқига эга бўлмаган футболчининг майдонга туширилгани сабаб бўлди. Бу ҳақда Корея марказий телеграф агентлиги хабар бермоқда.
Айнан маълум бир ўйинчи нима сабабдан «Сонбон» сафида ўйнамаслиги кераклигига аниқлик киритилмаган. Ўша ўйинчининг исми ҳам ошкор этилмаяпти. Агентликнинг ёзишича, «Сонбон» томонидан йўл қўйилган «спортча руҳият ва ахлоқнинг бузилиши» «жамоатчилик қаҳр-ғазаби»ни қўзғаган.
КХДР маданият ва спорт ишлари вазирлигининг Тартиб-интизом қўмитаси қоидабузарликни қайд этиб, «Сонбон»ни ҳам ички, ҳам халқаро мусобақалардан четлатди. Кубок ғолиби сифатида, «Сонбон»га финал учрашувида пенальтилар сериясида мағлуб бўлган (7:8) – «25 апрель» клуби эълон қилинди.
Мусобақа финал учрашуви 28 август куни ўтказилган эди. Ким Ир Сен номли стадионда бўлиб ўтган ўйинни Шимолий Корея етакчиси Ким Чен Ин бевосита стадиондан кузатган эди. Ўйиндан сўнг Ким Чен Ин «Сонбон» ўйинчиларини ғалаба билан табриклаб, улар билан бирга суратга тушган эди.
«25 апрель» КХДР қуролли кучлари жамоасидир. У мамлакатнинг энг совриндор футбол жамоаси бўлиб, камида 13 марта миллий чемпионатда ғолиб чиққан (КХДРдаги 2012 йилги мавсум натижалари номаълум). «Сонбон» КХДР чемпионатида ҳеч қачон ғолиб чиқмаган, ушбу жамоа қайси дивизионда иштирок этиши ҳам номаълум.